Швецияда юк машинасида одамларни босиб кетган Раҳмат Оқиловга айблов эълон қилинди
Стокҳолм марказида юк машинасида одамларни босиб кетган Раҳмат Оқилов террорчиликда айбланмоқда. Бу ҳақда ушбу ишни олиб бораётган, бош прокурор ўринбосари Ханс Ирман 30 январда матбуот анжуманда маълум қилди.
Кун.уз сайтига кўра,“Унга террорчилик айблови эълон қилинди. Менинг вазифам у жамиятимизда яна эркинликда бўлишига йўл қўймасликдан иборат. У Швецияни ИШИДга қарши глобал коалицияда иштирок этгани учун жазоламоқчи бўлган”, деб айтган Ирман.
Айблов томони маълумотларига кўра, ўзбекистонлик Оқилов 2017 йил январда турли одамларга ИШИД номидан теракт содир этиш таклифи билан хабарлар ёзган. Прокуратура бунинг исботи сифатида унинг 20дан кўпроқ одам билан суҳбати (чат) матнларини келтирган. Оқилов ўтган йил март ойида “кофирларни босиб кетмоқчилигини” ва “Швеция НАТОни қўллаб-қувватлаётгани, Ироққа ҳарбийлар юбораётгани ва курдларни ўқитишда иштирок этаётганини” ёзган.
Бундай суҳбатлардан бирида у Европада теракт содир этмоқчилигини ва худкуш камарини йиғмоқчилигини ёзган. Бундан ташқари, унинг 3 апрелдаги номи маълум қилинмаётган бир одам билан чатида юк машинасини қандай топиш мумкинлигини муҳокама қилган. Оқилов, шунингдек, ўзининг қабиҳ ишини амалга ошириш учун ўзига шерик топишга ҳаракат қилган.