Инсон ҳуқуқлари фаоллари: Диктатор Ислом Каримовга ҳайкал қурманг!
(last modified Tue, 06 Feb 2018 06:44:36 GMT )
феврал 06, 2018 11:44 Asia/Tashkent
  • Инсон ҳуқуқлари  фаоллари:  Диктатор Ислом Каримовга ҳайкал қурманг!

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари Москвада Ислом Каримов ҳайкалини қуриш буюртмасини олган британиялик ҳайкалтарош Паул Дэйга очиқ мурожаат билан чиқди. Улар Каримов қурбонларининг қонлари ҳайкалтарошнинг обрўсини буткул барбод қилишини айтган.

 Москвадаги Каримов ҳайкали Ўзбекистоннинг элчихонаси ҳовлисига ўрнатиш режаланган. Унга "Ислом Каримов" фонди маблағ ажратиши айтилган.

"Ясаган ҳайкалингиз билан шарафлантирмоқчи бўлган инсон сабаб бизларнинг бирортамиз ҳам кўп йиллардан бери ватанимизга боролмаймиз. Ислом Каримовнинг террор ўтказган давр давомида биз суюклиларимиз, оила аъзоларимиз ва дўстларимизни йўқотдик", дейилади 10 нафар фаол имзолаган мурожаатда.

Мурожаат матни opendemocracy.net сайтига жойлаштирилган.

Мурожаатда британиялик машҳур ҳайкалтарош Каримовнинг 2005 йилда Андижонда юзлаб тинч намойишчиларни отишга буйруқ берганидан аллақачон хабардор бўлиши кераклиги айтилади.

Москва кўчаларидан фикрлар

"Биз ҳеч қачон у ерда қанча одам ўлдирилганини билмасак керак. Чунки у жасадларни оммавий равишда кўмишга буйруқ берган. Бу нарсани дунёга кўрсатмоқчи бўлган одамларнинг оғзи ёпилди".

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ислом Каримовнинг 2016 йил вафот этганига қадар болалар дохил миллионлаб одамларни пахта далаларида қулликка мажбур қилганини таъкидлаган.

"У минглаб реал ва тасаввуридаги мухолифларини қамоққа тиқди. Уларни қийноқларга туттирди, баъзан ўлдиртириб юборди. Сиёсат билан шуғулланмоқчи бўлган санъаткорларга ҳужум қилгани ва матбуот, ижтимоий фанлар, адабиёт ҳамда санъатда қатъий цензура ўрнатганидан хабарингиз бўлиши керак. Ушбу золимни қаҳрамон қилаётганингиз учун қанча тўлашди, жаноб Дэй?", дейди улар.

Мурожаат қилувчилар ҳайкалтарош ўзига тўланаётган пулларнинг ҳаром пуллар эканлигидан хабари бўлиши кераклигини айтган.

"Каримов ва унинг оиласи миллионлаб, балки миллиардлаб пулларни ўғирлаш учун ваколатини суиистеъмол қилди. Улар Ўзбекистонда бизнес қилишни истаган Ғарб ширкатларидан катта поралар олди. Унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова халқаро телекоммуникация ширкатларидан 100 минг долларлаб пора олган. Пулларини эса ўндан ортиқ офшор компаниялари орқали ювган", дейилади мурожаатда.

Унда АҚШ Гулнора Каримовани Магнитиский рўйхатига киритгани ёзилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳайкалтарош Паул Дэйга пул тўлаётган "Ислом Каримов" жамғармаси Лола Каримова-Тиллаева томонидан асос солинганини айтган. Лола Каримованинг мақсади оиласининг тўкилган обрўсини тиклаш эканлиги таъкидланган.

Улар Президентнинг иккинчи қизи пуллари манбасини келтиришга ҳаракат қилган.

"Каримов қўл остида Лоланинг эри Темур Тиллаев сирли равишда Тошкентда йирик Абу Сахий улгуржи бозори устидан назоратга эга бўлди. Йиллар давомида ушбу бизнес империядан давлатга кам миқдорда солиқ тўлангани айтилган.

Олдинроқ Президент Мирзиёевнинг матбуот хизмати Facebookдаги саҳифасида Тошкентдаги "Абу Сахий" бозорида давлатга бир ойда 14 баробар кам тушум тушганини маълум қилганди.

 "Собиқ «Абу Сахий» МЧЖда давлат бюджетига бир ойда 5 миллиард сўм тушган. Ушбу бозор «Тошкент ипак йўли» мажмусига айлантирилгандан сўнг атиги 15 кунда тушум 35 миллиард сўмга етган", дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Мурожаатга қўл қўйганлар Паул Дэйдан "Каримов" фонди билан келишувни қайта кўриб чиқишни ва уни бекор қилишни сўраган.

Мурожаатга имзо чекканлар ичида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Атаева дохил Австрияда истиқомат қилаётган таниқли ўзбек шоири Ёдгор Обид ва яна 8 инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва фаоллари бор.