Тошкентда Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясининг илк йиғилиши бўлиб ўтди
Учрашувда Ўзбекистон-Афғонистон кун тартибининг қатор масалалари, баъзи халқаро ва минтақа муаммолари муҳокама қилинди.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Тошкентда Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясининг илк йиғилиши бўлиб ўтгани”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Тошкентда Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича Катта маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келди. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келган Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмарни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон-Афғонистон кун тартибининг қатор масалалари, баъзи халқаро ва минтақа муаммолари муҳокама қилинди. Музокараларда асосий эътибор турли шаклларда юқори даражадаги икки томонлама учрашувлар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнига қаратилди.
Томонларни қизиқтирган барча йўналишларда давлатлараро ҳамкорлик илдам ривожланаётганлиги мамнуният билан қайд этилди. Суҳбатда алоҳида эътибор Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли Афғонистон бўйича халқаро конференцияга тайёргарлик кўришга қаратилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 2017 йил декабр ойида Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясини тузиш ҳақида келишиб олишган эди. Комиссия таркибига Ўзбекистон ва Афғонистон хавфсизлик кенгашлари аппаратлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари кирган. Йиғилиш давомида томонлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида террорчилик ва экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, қурол савдоси ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси, жиноий даромадларни легаллаштириш ва трансчегаравий уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши курашиш масалаларини кўриб чиқишган. Икки томон вакиллари божхона қонунбузарликларидан огоҳлантириш ва уларнинг олдини олишда ҳамкорликни фаоллаштириш, давлат чегаралари хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашишган. Ривожланиш ва инфратузилма бўйича қўшма лойиҳаларнинг хавфсизлигини ва узлуксиз амалга оширилишини таъминлаш, Кобул ва Мозори-Шарифдаги ишлаб чиқариш корхоналари, марказлари, савдо уйларини ҳимоя қилиш муҳимлиги қайд қилиб ўтилган.
Афғонистон Президентининг Ўзбекистонга декабр ойида қилган ташрифи доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, транзит-транспорт, инфратузилма, савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика ва бошқа кўплаб муҳим соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди. Йиғилишда Афғонистонда ва Марказий Осиёда узоқ муддатли барқарорликни таъминлашда тинчлик, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик масалалари чамбарчас боғлангани таъкидлаб ўтилди. Қўшма комиссиянинг илк йиғилиши якунларига кўра тегишли баённома имзоланди. Ўтган йили июл ойида ҳам Афғонистон делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Делегация таркибидан Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар, Президентнинг инфратузилмалар, кадрлар ресурслари ва технологиялар бўйича катта маслаҳатчиси, Президентнинг МДҲ мамлакатлари ва Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили ҳамда бошқа расмий шахслари ўрин олган эди. Афғонистон делегациясининг ташрифи дастурига кўра аниқ таклифларни кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг қатор вазирликлари, идоралари ва етакчи корхоналарида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган икки томонлама учрашувлар ўтказилган.
Шунингдек, 2017 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси ҳам амалий ташриф билан Афғонистон Республикасида бўлган эди. Ўзбекистон президентининг Афғонистон президенти билан ўтган йилнинг декабр ойида Тошкент шаҳрида эришган келишувларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон делегацияси Кобул шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказган. Музокараларда ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган, жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилган. Ўзбекистон делегацияси «Арг» саройида президент Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди. Афғонистон етакчиси томонларни қизиқтирган барча соҳаларда Ўзбекистон-Афғонистон мулоқотини кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини яна бир бор тасдиқлади. Таъкидланганидек, Сурхон – Пули-Ҳумри электр узатиш тармоғи ва Мозори-Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини биргаликда қурилиши, Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда бошқа йирик лойиҳаларни татбиқ этиш Афғонистон учун стратегик аҳамият касб этади. Қайд этилганидек, қўшни Афғонистондаги вазиятни тинч йўлга ўтиши минтақавий ҳамкорликни фаолроқ ривожлантириш имкониятини яратади. Шу нуқтайи назардан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли Афғонистон бўйича халқаро конференцияда кўриб чиқишга киритилаётган масалалар муҳокама қилинди.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.