ОАВ: Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори ҳибсга олингани йўқ
ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Ўзбекистондаги маҳаллий ОАВлар мамлакат собиқ Бош прокурори, 66 яшар Рашиджон Қодиров ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.
Илгарироқ хорижий ОАВларда Ислом Каримов давридаги прокурор — Рашиджон Қодиров 22 февраль куни қўлга олингани, унга нисбатан йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиётлари ўтказиш айби қўйилаётгани ҳамда унга нисбатан ҳибсга олиш эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маҳаллий интернет нашрлар, хусусан, "Kun.uz" ва "Дарё.уз" ахборот нашрлари прокуратурадаги манбаларига таянган ҳолда Қодировнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарларни рад этмоқда.
Уларга кўра, бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими ходими Қодировга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида тарқалган хабарларни расман инкор қилган.