Диний айблар билан қамалган опа-сингил Ҳамдамовалар озодликка чиқди
(last modified Sun, 25 Mar 2018 18:25:06 GMT )
март 25, 2018 23:25 Asia/Tashkent
  • Диний айблар билан қамалган опа-сингил Ҳамдамовалар озодликка чиқди

Қаршидаги "Кўк гумбаз" масжидида отинлик қилган ва 2010 йилда конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланиб 6 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Меҳринисо ва Зулхумор Ҳамдамовалар озодликка чиққан. 8 йил олдин Қарши судида ўтган маҳкамада уларга қўйилган айб ўз исботини топмагани айтилганди.

Ҳамдамовалар Қарши суди маҳкамаси томонидан белгиланган жазо муддатини ўтаб бўлишига қарамасдан уларга 2016 йил "ички тартибга бўйсинмаган" деган айб билан яна 3 йил қамоқ жазоси қўшилганди.

20 феврал куни Тошкент вилоят судининг кассацион ҳайъати қарори билан қамоқдан чиқарилган Ҳамдамоваларнинг хабари орадан бир ой ўтиб берилмоқда.

Газета.узнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот котиби Азиз Обидовга таяниб ёзишича, Ҳамдамовалар дастлабки берилган қамоқ муддатини ўтаб бўлишига саноқли ойлар қолганда 2016 йил қамоқ муддати узайтирилган.

Зулхумор Ҳамдамова 2016 йилнинг 22 июл куни жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига жавоб бермаган деган айб билан қўшимча равишда 3 йилу 1 кунга қамалган.

Худди шундай айб Меҳринисо Ҳамдамова 2016 йил 15 ноябрда айбланиб 3 йилу 2 кунга қамоқ муддати узайтирилган.

Тошкент вилоят маҳкамаси кассацион ҳайъати шу йилнинг 20 феврал куни 2016 йилги ҳукмни ўзгартирган.

Натижада икки маҳкум жазо муддатини ўтаб бўлганлиги сабаб 20 феврал куни озодликка чиқган, деб ёзади газета.уз

Ҳамдамовалар билан биргаликда ҳукм қилинган Шаҳло Раҳматованинг тақдири борасида ҳеч нарса маълум эмас.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳига кўра, Қарши шаҳридаги "Кўк гумбаз" масжидининг отини Меҳринисо Ҳамдамова ва яна икки аёл 2010 йил 12 апрель куни қамоқ жазоларига ҳукм этилганди.

Ташаббус гуруҳининг озодликдан маҳрум этилган аёллар яқинларига таяниб хабар қилишича, маҳкама ёпиқ ўтказилган.

Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова ҳамда Шаҳло Раҳматовани Қаршидаги маҳкама Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш бандларида айбдор деб топган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳига кўра, маҳкама жараёнида аёлларнинг жиноят содир этгани ўз исботини топмаган.

Аёллар бўйниларига қўйилган айбларни тан олмаганлар, жараёнга гувоҳ сифатида чақирилган кишилар айбланувчилар фойдасига кўрсатма берганлар.

"Бироқ ҳакам ушбу кўрсатмаларни, айбланувчиларга дастлабки тергов пайтида тазйиқлар бўлганини инобатга олмаган, маҳкама Ўзбекистон Жиноят-Процессуал кодекси қўпол бузилган ҳолда ўтган", деганди Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Қашқадарё вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати 2009 йили ноябрида 30 га яқин аёлни ҳибсга олган, уларнинг аксари Қарши шаҳридаги "Кўк гумбаз" масжидида расман отин вазифасида ишлаган ҳамда қонуний диний билим беришни йўлга қўйган Меҳринисо Ҳамдамованинг қариндошлари бўлган.

40 ёшли Ҳамдамова хоним 2007 йил Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ва Қашқадарё вилоят хотин-қизлар бошқармаси тавсияларига биноан масжидга расман тайинланган.

Тошкент шаҳридаги диний билим юртида таҳсил олган Меҳринисо Ҳамдамова иш бошлаганидан кейин "Кўк гумбаз" масжидига борадиган аёллар сони кўпайган.

Инсон ҳақлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, масжидга келаётган хотин-қизлар сонининг кўпайиб бораётгани Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларини хавотирга солган, шундан сўнг Меҳринисо Ҳамдамовани ҳибсга олишга қарор қилганлар.

2009 йил ноябрида ҳибсга олинган қарийб 30 аёлнинг аксари қўйиб юборилган, бироқ ўшандан буён саккиз аёл "ғойиб бўлган", дея хабар қилади Ташаббус гуруҳи.

Миллий Хавфсизлик хизмати бу аёлларнинг ҳибсга олинганларидан беш кун ўтиб қўйиб юборилганини билдирган, аммо қариндошлари шу пайтгача ҳам уларнинг қаерда эканликларини билмасликларини айтишган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Қашқадарё Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари ҳибсга олинган ва маҳкамага тортилган аёлларнинг қариндошларига ҳануз босим ўтказмоқда, ушбу ҳодисалар юзасидан Тошкентдаги масъул идоралар ёки инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилиш оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида пўписалар қилинган.

Меҳринисо Ҳамдамова, унинг опаси Зулхумор Ҳамдамова ва Шаҳло Раҳматова устидан суд 2010 йилнинг 11 мартида бошланган ва орадан бироз ўтиб тўхтатилган эди.

2014 йили 27 май куни Жараён сайти Ўзбекистон ичидаги манбасига таяниб хабар қилишича, сиёсий маҳбусалар ҳисобланмиш опа-сингил Ҳамдамоваларнинг аҳволи оғирлашган.

Унинг айтишича, қамоқдаги диндор опа-сингилнинг каттаси Зулхумор Ҳамдамованинг кўзи яхши кўрмай қолган. Бундан ташқари, манбага кўра, қамоқхона маъмурияти бир неча ой аввал бачадонида ўсимта аниқланган Меҳринисо Ҳамдамовага жарроҳлик амалиётини ўтказишга рухсат бермаган.

Опа-сингил Ҳамдамовалар Human Rights Watch ташкилотининг маҳкамага тортилган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва диний тутқунлар рўйхатида бўлган.

Ёрлиқ