Ўзбекистон ТИВ раҳбари БМТ Бош котиби махсус вакили ўртасида учрашув бўлиб ўтди
30 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатга ташриф буюрган БМТ Бош котиби Махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари Наталья Германни қабул қилди.
Кун.уз Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияда БМТ делегацияси таркибида иштирок этган Наталья Герман Ўзбекистон раҳбариятини минтақа учун муҳим бўлган Тошкент форумининг муваффақиятли ўтказилиши муносабати билан табриклади.
Наталья Германнинг қайд этишича, конференция декларациясининг якдиллик билан қабул қилиниши – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича узоқ истиқболни кўзлаган ташаббусларини қўллаб қувватланишидир.
Бўлиб ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон ва БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Марказий Осиёдаги трансчегаравий сув муаммосини ҳал қилиш бўйича БМТнинг ва шахсан Бош котибнинг саъй-ҳаракатлари, жумладан Амударё ва Сирдарё бассейнидаги сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлади.