Ўзбекистон ва Туркия туризмни ривожлантиришга доир битим имзоладилар
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва TÜRSAB (Туркия саёҳат агентликлари ассоциацияси) ўртасида Туркия ва Ўзбекистон ўртасида "Туризмни ривожлантириш тўғрисидаги битим" имзоланди.
Кун.уз сайтига кўра, мазкур ҳужжат 10 апрель куни TÜRSAB штаб-квартирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва TÜRSAB раиси Фируз Бағликая томонидан имзоланди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари KUN.UZ'га шу ҳақида хабар беришди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ўз нутқини TÜRSAB президенти ва директорлар кенгаши аъзоларини уларнинг янги лавозимлари билан қутлашдан бошлади. У Ўзбекистон Туркиянинг туристик агентликлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўймоқчи экани ва шу тариқа мамлакатга ташриф буюрадиган сайёҳлар сонини оширишга эришмоқчи эканини қайд этди. Қўмита раисининг қўшимча қилишича, Ўзбекистон туркиялик меҳмонларни айниқса зиёрат туризми нуқтаи назаридан қизиқтира олади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси, туркиялик эксперт Содиқ Бадак ҳам TÜRSAB раҳбариятини қутлаб, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
TÜRSAB раиси Фируз Бағликая ўз сўзида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун ҳар қанча ёрдам керак бўлса тайёр эканини таъкидлади.