Сирожиддин Саййид Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги раиси этиб тайинланди
11 апрель куни уюшмада навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишда иштирок этган «Kun.uz» манбаси берган маълумотга кўра, йиғилишда Муҳаммад Али лавозимдан озод этилгани эълон қилиниб, унинг ўрнига раис ўринбосари, шоир Сирожиддин Саййид уюшманинг янги раиси сифатида таништирилган.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид 1958 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. У Тошкент давлат университети журналистика факультетини тамомлаган. Турли йилларда «Тошкент оқшоми» («Вечерний Ташкент») газетасида, шунингдек, «Муштум» журналида ишлаган. Шу вақтгача Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари лавозими билан бир вақтда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» журнали бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.
Эндиликда унинг ўрнига шу кунгача Ўзбекистон президенти матбуот хизматида бўлим бошлиғи сифатида ишлаб келаётган шоир Минҳожиддин Мирзо раиснинг биринчи ўринбосари бўлган.
Раиснинг яна бир ўринбосари, ёшлар масалалари бўйича ўринбосар Иқбол Мирзо ўрнига «Ёшлик» журнали бош муҳаррири, шоир Нодир Жонузоқ тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти 5 апрель куни «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолаганди. Унда уюшма фаолиятини такомиллаштириш ва унинг иш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари белгилаб берилганди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 1934 йилда Тошкентда бўлиб ўтган ёзувчиларнинг биринчи қурултойида ташкил этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари ва унинг 3 нафар ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг барча вилоят бўлимлари масъул котиблари бор. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг штат бирлиги жами: 47 киши бўлиб, шулардан барча вилоятларда жами 24 нафар ходим фаолият кўрсатади.