Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга ташриф буюради
Туркманистон президенти 23 апрель, душанба куни Ўзбекистонга ташриф буюради
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 23 апрель, душанба куни Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда. «Kun.uz».
«Туркманистон Президенти билан катта муваффақиятларга эришмоқдамиз. Худо хоҳласа, Гурбангули Бердимуҳамедов 23 апрел куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга ҳам келмоқда. Биз ҳамма давлатлар билан дўстлик, биродарлик, ҳамкорликни мустаҳкамлаймиз», — деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ, 9—10 апрель кунлари Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтгани, унда президент Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифининг кун тартиби муҳокама қилингани маълум бўлган эди.