Юлдуз Усмонованинг тадбиркорларни қийратиб келган собиқ эри ҳибсга олинди
-
Себзор даҳасидаги бино
Тошкентдаги тадбиркорлар орасида “шайтон” ва “ГИФ” лақаблари билан танилган Фарҳод Тўлаганов терговчи Л.Ж. билан бирга йиллар давомида тадбиркорлардан пул ундириб, уларни қийратиб келган.
18 апрелда Тошкентда йирик тадбиркор Фарҳод Тўлаганов ҳибсга олинган. Исмлари сир қолишини сўраган икки манбага кўра, 43 яшар Фарҳод Тўлаганов товламачилик, МХХ зобитларига пора бериш-олишда воситачилик қилиш (ЖК 212- моддаси), давлат органи хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш ва товламачилик (ЖК 165- моддаси) каби жиноятларда гумонланмоқда.
Бош прокуратура мулозимининг айтишича, Фарҳод Тўлаганов ҳозирда терговга тортилган собиқ МХХ терговчиси Л. Ж. берган кўрсатма асосида ҳибсга олинган.
Бош прокуратура мулозимининг маълум қилишича, Фарҳод Тўлаганов ҳозирда тергов қилинаётган МХХ терговчиси “билан йиллар давомида кўплаб тадбиркорлардан товламачилик йўли билан миллионлаб доллар маблағни ўзлаштирган".
"Биздаги маълумотларга кўра, Фарҳод Тўлаганов терговчи Л.Ж. билан бирга йиллар давомида тадбиркорлардан пул ундириб, уларни қийратиб келган. Терговчи Тошкентдаги пулдор бизнесменлар устидан жиноий иш очган, Фарҳод Тўлаганов эса, уларнинг ишончига кириб, уларнинг иши ва бизнеси ҳақида маълумот тўплаб, терговчига етказиб турган. Ана ундан кейин "ишингни битказиб бераман" деб, бизнесменлардан пора олган ва терговчи билан бўлишган",- деди бош прокуратура ходими.
Унинг билдиришича, жиноят ишида Фарҳод Тўлагановнинг укаси Дилмурод Тўлаганов ҳам гумонланувчи сифатида кўрилмоқда.
"Порани, асосан, Фарҳоднинг укаси Дилмуродга ўтказиб туришган," деди прокуратура ходими.
Ички ишлар вазирлиги зобити Дилмурод Тўлагановнинг қидирилаётганини айтди.
“Ҳозир унинг укаси Дилмурод Тўлаганов қидирувга берилган. Уни ҳам тутиш ҳақида буйруқ берилган бизга. Қидираяпмиз”,- деди милиция зобити.
Бош прокуратура мулозимининг айтишича, Фарҳод Тўлаганов Ўзбекистон бўйлаб ўнлаб савдо дўконлари, йирик супермаркетлар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига эгалик қилади.
Шу йил бошида Тошкентнинг Себзор даҳасидаги йирик турар-жой комплекси ҳам Фарҳод Тўлаганов эгалик қилган ширкат томонидан барпо этилган эди.
Фарҳод Тўлаганов 2000- йиллар бошида қисқа муддат Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонованинг фуқаровий эри бўлган.
Тошкентдаги тадбиркорлар орасида “шайтон” ва “ГИФ” лақаблари билан танилган Фарҳод Тўлаганов 2009 йил февраль ойида товламачиликда айбланиб, ҳаётининг бир неча йилини панжаралар ортида ўтказган.
Бош прокуратура ходимига кўра, терговчилар ҳозирда Фарҳод Тўлагановдан жабр кўрган “ўнлаб” фуқаролардан кўрсатмалар олмоқда.