Кобулдаги портлаш 52 кишининг умрига зомин бўлди
-
Ҳужумда 100 дан ортиқ киши жароҳатланган
Кобулдаги сайловчиларни қайд қилиш марказида худкуш томонидан содир қилинган портлаш камида 52 кишининг умрига зомин бўлди. Бу ҳақда Афғонистон ҳукумати хабар берган.
Сўнгги маълумотларга кўра, марказга киришга навбат кутиб турган оломон ўртасидаги портлаш натижасида 112 киши жароҳатланган.
Маҳаллий ОАВ нинг маълумотига кўра, ўлганлар орасида 21 аёл ва 5 нафар бола бор.
Ҳужумларга масъулиятни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олган.
Жиҳод гуруҳи назорати остидаги Амак хабар агентлигининг айтишича, портловчи моддалардан белбоғ тақиб олган худкуш ҳужумчи Кобул ғарбидаги Дашти Барчи мавзесига кириб келган.
Ҳодиса жойидан олинган кадрларда қонга беланган ҳужжат ва суратларни кўриш мумкин. Портлаш содир бўлган жой синган ойна парчалари билан қопланган, яқинроқда турган машиналар ҳам зарарланган.
Гувоҳлардан бири қурбонлар орасида сайлов учун рўйхатга ўтишга ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олишга келган кўплаб аёл ва болалар борлигини айтган.
Октябр ойида бўлиб ўтиши керак бўлган сайловларга сайловчиларни рўйхатдан ўтказиш шу ойнинг бошида бошланган эди.
Бу вақт давомида қайддан ўтиш марказларига камида тўрт марта ҳужум уюштирилди.
Афғонистон Ички ишлар вазирининг айтишича, "Толибон" ва "ИШИД" одамларни ҳукуматга қарши қайраш ҳамда мамлакатда хаосни келтириб чиқариш учун оддий фуқароларни ўлдирмоқда.
Парламент сайловидан сўнг 2019 йили Президент сайлови ҳам бўлиб ўтади.
Маълумотларга кўра, Афғонистон ҳукумати мамлакатнинг атиги 30 фоизини тўлиқ назорат қилади. Қолган жойлар Толибон ва ИШИД ҳужумлари таҳдиди остида қолмоқда.