апрел 26, 2018 11:31 Asia/Tashkent
  • БМТ Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш учун 8 млн доллар ажратади
    БМТ Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш учун 8 млн доллар ажратади

Адлия вазирлиги ва БМТТД ўртасида “Ўзбекистондаги самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупция қарши кураш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди. 

8 миллион АҚШ доллари бюджетига эга бўлган ушбу лойиҳа коррупцияга қарши кураш бўйича йирик комплекс чора-тадбир ҳисобланиб, деярли барча соҳаларни қамраб олган. У уч йилга мўлжалланган.

Лойиҳа Адлия вазирлиги, Бош прокуратура томонидан мамлакатимиз вазирлик ва идоралари ҳамда БМТТД билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. У уч йилга мўлжалланган бўлиб, ҳамкорликнинг қўйидаги йўналишларини ўз ичига олган:

– коррупцияга қарши кураш бўйича миллий қонунчиликни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уни такомиллаштириш ва халқаро экспертлар иштирокида коррупцияга қарши кураш соҳасидаги халқаро шартномалар доирасида халқаро стандартлар, давлат мажбуриятларига мослаштириш;– коррупцияга қарши кураш соҳасидаги билим ва кўникмаларни янада такомиллаштиришга қаратилган давлат хизматчиларини тайёрлашнинг инновацион услубларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги илғор тажрибасини ўрганиш ва орттирилган билимларни юртимиз ташкилотлари фаолиятига имплементация қилиш;

– коррупцияга қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги технологиялардан фойдаланган ҳолда билим ва кўникмаларни тарқатиш ва тарғиб қилиш орқали жамиятда коррупцияга тоқатсизлик маданиятини ривожлантириш. Ҳукумат, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор ўртасида фаол ҳамкорликни ривожлантириш, жамиятда коррупцияга тоқат қила олмасликни ривожлантиришга қаратилган ягона медиа-стратегия ва ахборот компанияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ушбу глобал лойиҳанинг асосий вазифаси коррупцияга қарши кураш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга оширишдан иборат.

Ёрлиқ