Шавкат Мирзиёев КХДР ва Жанубий Корея етакчилари учрашувига муносабат билдирди
2018 йилнинг 27 апрелида Пханмунжом (Корея Республикаси) чегара пунктида Корея Республикаси ва Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) раҳбарлари учрашди.
Музокаралар чоғида икки мамлакат раҳбарлари Корея ярим оролидаги ядросизланиш, Кореялараро муносабатларнинг яхшиланиши ҳамда Сеул ва Пхеньян ўртасида тинчлик келишувини имзолашга оид уч асосий мавзуга тўхталиб ўтди.
Музокаралар якунида томонлар Корея ярим оролининг тинчлиги ва бирлашуви бўйича Пханмунжом декларациясини имзолади.
Декларацияга кўра, Корея Республикаси ва КХДР:
1) Корея урушига (1950-1953 йиллар) расмий тарзда якун ясаб берадиган тинчлик битимини бу йил имзолайди;
2) Корея ярим оролини бутунлай ядросизлантириш ниятини тасдиқлайди;
3) олий даражадаги фаол мулоқотни давом эттиради;
4) бир-бирига нисбатан душманлик ҳаракатларини тўхтатади;
5) ҳарбийлар, шу жумладан, мудофаа маҳкамалари раҳбарлари даражасида доимий алоқада бўлади;
6) гуманитар муаммоларни, шу жумладан корейс оилаларини бирлаштириш муаммосини ҳал қилади;
7) икки мамлакат темир йўлларини бирлаштириш бўйича ишларни бошлайди.
Ушбу воқеа муносабати билан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Инга ёзма мурожаат йўллаб, Пханмунжомда Кореялараро саммит муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ўзбекистон раҳбари ўз мурожаатида бутун жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлган ушбу учрашув «Корея халқи солномасида тарихий воқеа экани, унинг якунларига кўра эришилган натижалар Корея Республикаси етакчисининг тинчликсеварлик сиёсати, Корея Республикаси ва КХДР ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақада ишончни мустаҳкамлаш бўйича қатъий позицияси ва тинимсиз саъй-ҳаракатлари туфайли юз бергани»ни таъкидлаган.
Хатда таъкидланишича, икки давлатнинг яқинлашуви, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича энг муҳим келишувларни мустаҳкамлаб қўйган Пханмунжом декларацияси «Корея Республикаси ва КХДР ўртасидаги шерикликнинг янги даври бошланишига умид ва ишонч беради».
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни яратиш ташаббускори сифатида Корея ярим оролидаги ядросизлантириш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, бу шубҳасиз Кореялараро муносабатларни янада ривожлантириш ва минтақада интеграцияни илгари суришга хизмат қилади».
Шу билан бирга, Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Иннинг темир йўл ва автомобиль йўлларини қайта тиклаш бўйича ташаббуси алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, бу Корея ярим оролининг Евроосиё минтақаси давлатлари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришига, уни ягона логистик тизим ва жадал савдо-иқтисодий алоқаларга эга қитъага айлантиришга янги истиқболларни очади.
Шавкат Мирзиёевнинг мактубда билдиришича, «Ўзбекистон Республикаси Корея Республикасининг стратегик ҳамкори бўлгани ҳолда, Корея ярим оролида умумий фаровонлик ва ривожланиш учун барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга эришиш йўлида корейс халқининг фаол амалий қадамларини бундан кейин ҳам қатъий қўллаб-қувватлайди».
Ўзбекистон президенти мактуб якунида «корейс халқининг бўлинган оилаларини бирлаштириш бўйича узоқ йиллик орзуси амалга ошадиган кун келишига» аниқ ишонишини билдирди. Шунингдек, давлат раҳбари Корея Республикасининг етакчисига минтақа ва бутун жаҳондаги вазиятни ривожлантиришга тарихий таъсир кўрсатадиган Кореялараро саммит келишувларини амалга оширишда муваффақиятлар тилади.