Шавкат Мирзиёев Хотира майдонига ташриф буюрди
9 май – Хотира ва Қадрлаш куни кенг нишонланмоқда.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Мирзиёев дастлаб Хотира майдонига ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди», дейилади хабарда.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан мукофотлар топширилди. Уларнинг ўзлари жанг қилган мамлакатларга бориб-келиши, санаторийларда бепул дам олиши учун шароит яратилди. Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.