май 26, 2018 09:36 Asia/Tashkent
  • Сиёсий таҳлилчи: Коррупция-Ўзбекистон жисмидаги саратон

Ӯтган йилнинг бошларида ОАВ лари президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг 2 йиллик дастурини имзолагани ҳақида хабар берган эди. Ҳудди шу дастурга Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия таркиби ҳам илова қилинган эди. Комиссия раиси - Ўзбекистон Бош прокурори И. Абдуллаев.

"Ислом Каримовдан мерос қолган автократик тизим ўзгармас экан, порахўрликка чек қўйишнинг имкони бўлмайди. Бунга илован коррупцияга қарши чора-тадбирлар учун масъул этиб Бош прокуратура, Ички ишлар органлари ва маҳкама тизими, маҳаллий органлар расмийлари тайинлангани. Ахир бу органлар энг кўп порахўрликка ботган тизим деб кўрилади. Бундан-да кўпроқ киноя ёки кулгили ҳолатни тасаввур қилиш қийин", дейди Намоз Нормўмин.

Гуржистон муваффақиятининг сири

Собиқ Иттифоқ республикалари мисолида коррупцияга қарши муваффақиятли кураш мисолларини қидириб, Гуржистон тажрибасига назар ташласак.

Гуржистон нисбатан қисқа вақт ичида бир вақтлар коррупция энг кўп тарқалган давлат қаторидан бу иллат деярли йўқотилган давлат сифатида кўрилади.

Гуржистонда ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари энг коррупциялашган тизим дея кўриларди ва шунинг учун ҳам кураш айнан ана шу тизимдан бошланган.

"Ҳукумат томонидан коррупцияга қарши кураш режаси эълон қилиниши билан шунчаки юзаки ислоҳотлар билан чекланишгани йўқ. Минглаб милиция ходимлари ишдан бўшатилиб, баъзида бутун бошли вазирликлар ходимлари ёппасига вазифасидан четлаштирилиб, ўрнига янги ходимларни қисқа муддатда тайёрлаб, бутун тизимни деярли янгидан ташкил этишди"--, дейди BBCнинг Гуржистондаги мухбири Райҳон Демитрия.

Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам ҳозирда Гуржистонда аҳоли кундалик ҳаётида порахўрлик ҳолатлари билан деярли юзма-юз келмайди.

"Қўшни республикаларга саёҳат қилган вақтингиз Гуржистон ва қўшни давлатлардаги аҳвол ўртасида фарқ яққол кўзга ташланди. Дейлик Арманистон чегарасини кесиб ўтишингиз билан ўша-ўша шўролар давридан қолган муносабат, шубҳали ҳужжат текширувлар ва тўловлар ҳануз сақланиб қолганини кўрсак, Гуржистонда шаҳар кўчаларида таёқча кўтариб, йўл чеккассида турган ДАН ходимларни умуман кўрмайсиз. Уларнинг нафақат ташқи кўриниши, яъни формаси, ишлаш услуби, ёндошуви, муносабатини мутлақо ўзгартиришга муваффақ бўлганлар".

Transparency International халқаро ташкилотининг Гуржистондаги ваколатхонасидан Ираклий Урушадзега кўра, мамлакатнинг бу соҳадаги муваффақиятларидан яна бири давлат муассасаларидаги порахўрликни йўқота билганлари.

Бунга айнан қандай чоралар орқали эришилди, деган саволимизга Ираклий Урушадзенинг айтишича, "порахўрликда айбланганларни жиноий жавобгарликка тортиш, давлат хизматчиларининг маошларини ошириш ва ниҳоят ушбу тизимдаги ошкораликни тадбиқ қилиш орқали" муваффақ бўлинган.

Transparency International вакили келтирган чоралардан биринчиси, яъни порахўрлик учун жиноий жавобгарликка тортиш чораси Ўзбекистонда ҳамиша мавжуд бўлган. Лекин нима учун у қадар иш бермаган? Бундан ташқари порахўрликда айбланиб, жавобгарликка тортилганлар аксар ҳолларда кимгадир "ёқмай қолган" ёки "ҳалақит берган" шахснинг "бошқаларга ўрнак бўлсин" қабилидаги жавобгарликка тортилиши кўринишида бўлади. Ҳолатлар эса давом этаверади. Бу аҳволни қандай тўғрилаш мумкин?

Ираклий Урушадзенинг айтишича, бу ўринда ошкоралик ва ҳисобдорлик ўта муҳим омилдир.

"Лекин афсуски авторитар ва нодемократик бўлган тизимларда том маънода ана шуларга эришиш имконсиздир", дейди у.

Ҳақиқатан ҳам атрофга назар ташласангиз, мамлакатда демократия даражаси не қадар "паст" бўлса, коррупция даражаси шу қадар юқори эканлиги деярли исбот талаб қилмайдиган фактдек. Гўёки бу икки кўриниш орасида пропорционал боғлиқлик бордек.

Демократия даражасини кўтармай туриб, бу каби ислоҳотларни самарали равишда амалга ошириш имконсизлиги ҳақида Намоз Нормўмин ҳам тўхталиб ўтди.

Унга кўра, "фуқаро жамияти, жамоатчилик иштироки, эркин матбуот, диний ва турли бошқа ижтимоий ташкилотлар фаоллигисиз юқоридангина туширлувчи фармон ва буйруқлар билан бирибир кўп нарсага эришиш мумкин эмас. Порахўрлик Ўзбекистон жисмидаги саратон касаллиги кабидир. Ҳаммаёққа тарқаб кетган саратон. Бунда эски услубдаги жарроҳлик йўли иш бермайди. Муфассал, чуқур ислоҳот стартегияси ишлаб чиқилмас экан, ўзгаришларни кутиш қийин. Ҳозирда таклиф қилинаётган дастур ва режалар Ислом Каримов давридаги ҳужжатлардан кўпда фарқ қилмаяпти".

Суҳбат мобайнида биз порахўрлик нафақат уни "олувчилар" билан боғлиқ муаммо эканлиги, балки аксар ўзбекистонликлар томонидан оддий ҳолат сифатида қабул қилиниши, "ишларини тезроқ бажариш" илинжида бўлганлар томонидан қайсидир маънода рағбатлантирилиши муаммосини ҳам тилга олдик.

Намоз Нормўминга кўра, "албатта инсонларнинг зеҳни ва онгидаги муносабат" иллатга қарши курашдаги асосий омиллардан бўлиши керак.

Лекин Transparency International дан Ираклий Урушадзенинг айтишича, коррупция кўпда миллий маданият ва зеҳнга боғлиқ эмас.

"Гуржистон аҳолисининг коррупцияга муносабати ҳукуматнинг "вазият ўзгаради, бундан буёғига энди порахўрлик қабул қилинмайди" дея қатъий равишда маълум қилган вақти тез орада ўзгарди. Агарда буни маданият ва онгнинг бир қисми, дея қабул қилганимизда бундай бўлмасди. Демак, ҳамма нарса ҳукуматнинг жиддий ва самимий сиёсий иродасига боғлиқдир", деди Transparency International вакили.

                                                                                                                                                                                  BBC

Ёрлиқ