Мирзиёев ШҲТ саммити доирасида Си Цзинпинь билан учрашади
ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин 9-10 июн кунлари Циндаода бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади.
Бу ҳақда 29 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган брифинг давомида ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзянь Янь хоним маълум қилди.
Элчининг айтишича, олий даражада бўлиб ўтадиган учрашувда ташкилотга аъзо саккиз мамлакат етакчилари тўпланишади. Булар Россия, Хитой, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари. Шунингдек саммитда кузатувчи-мамлакатлар мақомига эга тўрт давлат раҳбарлари, БМТ ва халқато ташкилотлар вакиллари иштироки кутилмоқда.
"Циндао — елканлар шаҳри, деб аталади. Бу ердан ШҲТ янги манзилга йўл олишини ва янги даврда янги келишувларга эришишни режалаштирмоқдамиз", — деди элчи.