Шавкат Мирзиёев ва Муҳаммад Ашраф Ғани Хитойда музокара ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Циндао шаҳрида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президентининг расмий сайти хабар қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи қардош ва қўшни Афғонистонда тинчлик барқарор бўлишидан манфаатдор эканини таъкидлади.
Жорий йил Тошкентда ўтган конференциядан кейин бутун дунёда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича катта ҳаракатлар бошлангани мамнуният бағишлайди. Барча тушуняптики, бунинг яккаю ягона йўли мулоқот. Ушбу учрашувимиз шу борада фикр алмашиш, мамлакатларимиз учун муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун айни муддаодир, деди давлатимиз раҳбари.
Ашраф Ғани икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот кейинги пайтларда жадал фаоллашганини қайд этди.
Ўзбекистонга ташрифим доирасида эришилган келишувлар тез суръатларда амалга оширилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Афғонистон масаласи бўйича йирик анжуман ўтказганингиз учун халқимиз ва ҳукуматимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Бу масалага шахсан эътиборингиз сиёсий ечимларга йўл очди, деди Афғонистон Президенти.
Мамлакатимиз Афғонистонда муҳим иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширмоқда. 2002 йилдан буён Афғонистонга электр энергияси етказиб берилмоқда. Сурхон – Пули – Хумри янги электр тармоғининг ишга туширилиши натижасида бу қувват янада ортади.
Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш яна бир истиқболли лойиҳадир. Бу Афғонистон иқтисодиётини тиклаш учун катта ҳисса қўшиб, мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширади, янги иш ўринлари яратади.
Гуманитар алоқалар ҳам жонланди. Шу йилнинг январь ойида Термиз шаҳрида Афғон фуқароларига таълим бериш маркази иш бошлади. Ҳозирги кунда бу масканда 100 нафарга яқин афғонистонлик йигит-қизлар таълим олмоқда.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.