Хориждаги ӯзбекистонликлар: Ватанга қайтсам, бирор баҳона билан қамаб қӯйишмайдими?
Бугун хорижда минглаб ўзбекистонликлар ватанга борсам, бирон айб топиб қамаб қўйишмайдими, деган қўрқувда яшашади.
"Укам Зокир Алиевни Ўзбекистон расмийлари келсин, айбсизлигини исботлаб кетади, деб чақиритиришганди" - дейди Чироқчидан акаси Нурулла Алиев.
"Келгач, мана ушлаб кетишди ва беш хил айблов қўйишмоқда" - давом этади у - " Энди АҚШ бирон ёрдам берармикан, деб кутяпмиз".
Ҳозир АҚШ фуқароси бўлган асли қашқадарёлик Зокир Алиев Президент Мирзиёев четдаги ўзбекларни ватанга қайтишга чорлаганига ишониб келган.
Бироқ у Чироқчидаги қариндошларининг уйига кириши ортидан бир неча соат ўтар-ўтмай, Қаршидан юборилган хавфсизлик ходимлари олиб кетишади.
Яқинларининг билдиришича, Зокир Алиевга қарши конституцион тузумга тажовуз, терроризм ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш каби ҳаракатларни кўзда тутадиган жами бешта айблов илгари сурилаяпти.
Оила аъзолари у 2005 йилдан бери у қидирувга берилганини, аммо айби йўқлигини исботлаш учун қайтганини айтишмоқда.
Маълум бўлишича, вилоят куч ва ҳуқуқ-тартибот тизимлари раҳбарлари унинг оила аъзоларини йиғиб, ўғлингизни чақиртирсангиз, қўйилган айбловларни олиб ташлаб, қидирувни бекор қиламиз, деб ваъда беришган.
Бунга ишонган оила аъзолари Зокир Алиевни Ўзбекистонга қайтишга чақирганлар.
У олиб кетилганидан бери на яқинлари, на адвокатига кўрсатилган. Аҳволи ва айнан қаердалиги ҳам маълум эмас.
АҚШда солиқ ширкатини бошқариб келган 46 яшар асли ўзбекистонлик Зокир Алиев - АҚШ фуқароси.
У асил ватанига меҳмонга келиш учун Ўзбекистон элчихонасидан виза рухсати олгани хабар қилинмоқда.
Бугун хорижда минглаб ўзбекистонликлар ватанга борсам, бирон айб топиб қамаб қўйишмайдими, деган қўрқувда яшашади.
Уларнинг баъзилари ҳеч қандай ноқонуний ҳаракат қилмаган. Айрим ҳолатларда ОВИР тартибларини бузган ва ёки маҳалла нозирлари ҳамда фаоллари тарафидан бирон рўйхатга тиркаб қўйилган бўлиши мумкин.
Бироқ Ўзбекистонда четда ишлаётган ёки яшаётган фуқароларни потенциал террорчи ёки жиноятчи сифатида кўриш ва ҳатто қамоққа олиш тажрибаси қўллаб келингани учун кўпчилик ватанга боришдан қўрқади.
BBC