Ўзбекистон Толибон билан музокаралар ўтказган
(last modified Wed, 20 Jun 2018 07:56:29 GMT )
июн 20, 2018 12:56 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Толибон  билан музокаралар ўтказган

Ўзбекистон 27 март куни Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда эришилган келишувларга мувофиқ, ушбу қўшни мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган хатти-ҳаракатларини давом эттиради. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон томони Афғонистон ҳукумати, АҚШ вакиллари, ХХР, Россия, Халқаро мулоқот гуруҳига аъзо давлатлар, Евроосиё минтақаси, Жанубий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари вакиллари билан қатор маслаҳат учрашувлари ва музокараларни ўтказди.

«Шу билан бир қаторда, Тошкент конференцияси иштирокчилари позициясини бирлаштиришни амалга ошириш мақсадида ўзбек томони «Толибон» ҳаракатининг юқори даражали вакиллари билан тегишли алоқаларни ўрнатиб, ўтказилган учрашувларда Афғонистонда узоқ муддатлик тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш ва уни иқтисодий ривожлантириш учун мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди», — дея қайд этилади баёнотда.

Рамазон Ҳайити муносабати билан Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида ўт очишни ўзаро тўхтатиш тўғрисида сулҳга эришилган эди. Ўзбекистон бу қарорни олқишлаган.

«Ўзбекистон Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими ўрнатилганини олқишлайди. Ўзбек томони мазкур сулҳ Афғонистон президенти Ашраф Ғани томонидан ўт очишни тўхтатиш режими муддатини узайтириш ҳақида эълон қилгани ортидан муддатсиз давом этишига умид билдиради», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистон ўз ҳудудида Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиши учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёрлигини маълум қилган.

                                                                                                        Zamin.uz