Милиция аэропортда таниқли рассом Ёқубжон Сиддиқовнинг паспортини олиб қўйди
-
Ёқубжон Сиддиқовнинг асарлари дунёнинг тараққий этган давлатларида сақланади
Орган ходимлари 3,5 йилдан бери Туркияда яшаб, Ўзбекистонга қайтаётган рассом Ёқубжон Сиддиқовнинг паспортини аэропортда олиб қўйган. Милиция паспортни олиб қўйишни муддати битган ОВИР билан изоҳлаган.
Рассомнинг турмуш ўртоғи Дилдора Туляганова Президент Шавкат Мирзиёевга қилган мурожаатида милиция ходимларининг иши қанчалик тўғри эканлигини сўраган.
Дилдора Туляганованинг ёзишича, Ёқубжон Сиддиқов ОВИР муддати ўтиб кетган паспорт билан Қозоғистонга келиб, яна Туркияга қайтиб кетган. Милиция буни қонунни бузиш деб топган ва паспортни олиб қўйган.
"Ҳурматли Шавкат Мирамонович, сиз юритаётган сиёсатингизга, бу каби ходимларнинг ҳатти-ҳаракатлари зид иш эмасми? Нима сабабдан фуқаро ўз Ватанига бемалол, эркин кириб келолмайди? Нега милиция ва бошка ходимлар чет элда яшаб, Ўзбекистондан ёрдам сўрамаган ҳолда, ўз аравасини, рўзғорини тебратиб юриб, Ўзбекистонни яхши ном билан танитиб, кургазмалар очсаю, инсонга Ватанига киришда бу каби қўпол муносабатда бўлса ва қўлидан паспортини олиб қўйса", дейди Дилдора Туляганова.
Ёқуб Сиддиқов — Ўзбекистон рассомлар академияси аъзоси. Рассомнинг асарлари Амир Темур музейи ва Ўзбекистон Миллий банки галереясида сақланади.
Ёқуб Сиддиқовнинг асарлари бундан ташқари АҚШ, Британия, Франция, Германия, Миср, Туркия, Хитой, Япония, Австралия, Канада, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлардаги хусусий ва давлат коллекцияларида сақланади.