Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири ва Ўзбекистон президентининг учрашуви
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушму Сваражни қабул қилди.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон президенти билан учрашувига”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушму Сваражни қабул қилди. Ўзбекистон президенти меҳмонни самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстона ва стратегик ҳамкорлик юксак суръатлар билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Жорий йил июнь ойида Циндао шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар ва унинг якунлари бўйича эришилган келишувлар амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш имконини берди. Суҳбатда икки давлат ўртасидаги кенг кўламли, аввало савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Фармацевтика ва тиббиёт, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарига асосланган муносабатларда янги даврни бошлашга, икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишга қаратилгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, томонларни қизиқтирувчи халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж Ўзбекистон раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорчилик билдириб, Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натх Ковинд ва Бош вазири Нарендра Модининг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Ҳиндистон ҳукумати Ўзбекистонни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
Ҳиндистон Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолаши ва қўллаб-қувватлаши алоҳида қайд этилди. Сушма Свараж Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини таъкидлади. Суҳбатда эътироф этилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг 2018-йил 9-июнь куни Синдао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасидаги учрашуви якунлари барча йўналишлар бўйича икки томонлама муносабатларга янги динамика бериш учун икки давлат етакчиларида мустаҳкам сиёсий ирода мавжудлигини яна бир бор исботлади.
Икки томоннинг ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туристик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ошириш учун мавжуд бўлган улкан имкониятларни амалга ошириш борасида биргаликда ишлашга тайёр эканлиги таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарининг кузда Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарликнинг амалий жиҳатларини кўриб чиқдилар. Айниқса, сиёсий мулоқотга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Томонлар бундан буён ҳам олий ва юксак даражадаги алоқаларни фаол ривожлантириш, мунтазам сиёсий маслаҳатлар ўтказиш, халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тижорий ва иқтисодий алоқалар ўтган давр мобайни анча юксалди. Икки мамлакат ўртасида 2017 йил якунлари бўйича товар айланмаси — 323,6 млн долларни ташкил этган, хусусан, экспорт — 32,5 млн долларни, импорт эса — 291,1 млн. долларни ташкил этди. Экспортнинг асосий позициялари: қишлоқ хўжалиги, транспорт ва туристик хизматлар, ўсимлик шарбатлари ва экстракти, тери хом ашёси. Импортнинг асосий позициялари: фармацевтика маҳсулотлари, механика ва электр ускуналари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, транспорт ва туристик хизматлар, кимё маҳсулотлари, ва бошқалар. Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокидаги 101 та корхона фаолият юритиб, улардан 15 таси Ҳиндистонинг 100 % капиталига эга. Ўзбекистон Ташки савдо вазирлигида Ҳиндистоннинг 16 та компаниясининг ваколатхонаси аккредитациядан ўтган. Шунингдек, Янги Деҳли Марказий Осиё республикалари билан ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорликларни йўлга қўйишга катта қизиқиши бор. Бундан ташқари маъдан ва кон соҳасида ҳам ҳамкорликлар кўламини янада кенгайтиришга интилмоқда.
Маъдан ва минераллар айниқса уран қазиб олиш, Янги деҳлининг Марказий Осиёдаги орзуларидан ҳисобланади. Марказий Осиё республикаларида уран захираси жуда ҳам кўп. Ҳиндистонда кўплаб ядровий электр станциялари фаолият юритади. Ушбу мамлакат 2009 йилда Марказий Осиё республикаларидан уранни Ҳиндистонга сотишлари бўйича расмий тарзда сўров билан мурожаат қилган. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, Ҳиндистоннинг ядровий сектордаги эҳтиёжи йил сайин ошиб бормоқда. Ҳиндистон 2012-2017 йиллар мобайнида жами 5 минг тонна уран харид қилиб, ишлатган. Ҳиндистонда 20 та ядровий реактор фаолият кўрсатади. Ҳиндистон давлати яқин йилларда 34 та янги реактор қуришни режалаштирмоқда. Умуман олганда, Ҳиндистон ўзининг ташқи сиёсатида янги ипак йўли дастури доирасида минтақада ўз манфаатларини амалга ошириш учун жиддий ёндашмоқда.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.