Биометрик паспорт қандай тартибда расмийлаштириб берилади?
(last modified Sun, 19 Aug 2018 05:08:07 GMT )
август 19, 2018 10:08 Asia/Tashkent
  • Биометрик паспорт қандай тартибда расмийлаштириб берилади?

Ҳозирги кунда биометрик паспорт биз учун таниш бўлган асосий воситага айланди. Унинг қулайликлари кўплаб муаммоларнинг олдини олмоқда. Маълумотлар тизимлаштирилиши янги қулайликларни тақдим этмоқда. Бунга мисол тариқасида яқинда ўтказилган давлат тест имтиҳонларини айтиш мумкин.

Аввало, биометрик паспорт тушунчасига таъриф бериб ўтсак: 

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ва эгасининг шахсини тасдиқловчи, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат. 

Шунингдек, кўпчилик учун қизиқ ҳисобланган ва биометрик паспорт билан деярли бир хил ўринда ишлатиладиган ҳаракатланиш ҳужжатига ҳам изоҳ бериб ўтсак:

 «Фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати - Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижда шахсини тасдиқловчи, ҳаракатланиш ҳужжати эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат».

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 июлдаги 200-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорида биометрик паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатини қайси ҳолларда олиш мумкинлиги белгилаб ўтилган. 

Демак, қайси ҳолларда биз паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштиришимиз ва олишимиз мумкин?

Низомда мазкур саволга тегишли тартибда асослар келтирилган:- Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетилаётганда;- бола чет элда туғилганда;- паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тугаганда;- шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганда;- ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганда;- рўйхатдан ўтказиш (рўйхатдан чиқариш), алоҳида маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган саҳифалари ишлатиб бўлинганда;- паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати бланкаси яроқсиз бўлиб қолганда;- паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганда.

Бу ҳужжатларни олишда асосан қандай талаблар белгиланган?

Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини бериш учун белгиланган шаклдаги ариза;б) ушбу муассаса ёки ташкилот орқали чет элга чиқилган тақдирда муассаса ёки ташкилотнинг белгиланган намунадаги буюртманомаси;в) туғилганлик ҳақида гувоҳнома;г) 35x45 мм ўлчамли фотосурат;д) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотилган ёки ўғирланган ҳолларда фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган шахс қонуний вакилларининг ёзма аризаси;е) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқолганлиги тўғрисида маълумотнома (чет элда йўқолганда);ж) давлат божи ёки консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар тўланганлиги ҳақида квитанция.

Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганда нима қилиш керак?

Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилган тақдирда, фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бу ҳақда доимий рўйхатдан ўтган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига ёки консуллик ҳисобига қўйилган жойга дарҳол хабар бериши шарт. 

Улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-қоидалар бажарилгандан кейин, тегишли тартибда уларга янги паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини беради. Янги паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганлик тўғрисида ариза берилган кундан бошлаб бир ой мобайнида берилиши керак. 

Хусусан, вақтинча чет элда бўлган ва консуллик ҳисобида турмаган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар биометрик паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжатини йўқотган ёки бошқа сабабларга кўра алмаштиришга эҳтиёж бўлганда, Ўзбекистон Республикасига қайтишга сертификат олиш учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли консуллик муассасасига мурожаат қиладилар.

Жавоҳир Шамсутдинов

Ҳуқуқшунос