Ўзбекистон коинот ва сунъий йўлдош соҳасида Франция билан ҳамкорлик қилади
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 21—24 август кунлари Францияда бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Дарё.уз сайтига кўра, таркибида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Қонунчилик палатаси қўмита раиси Акмал Саидов, маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова бўлган мамлакат делегацияси қатор музокаралар ва учрашувларда иштирок этди. Унда икки томонлама ҳамкорликка оид истиқболли келишувларга эришилди.
Жумладан, Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов Франция олий таълимини чет давлатларда тарғиб қилиш ва халқаро талабалар ҳаракати бўйича Франция давлат агентлиги (Campus France) бош директори Беатрис Кая билан учрашди. Мулоқотда томонлар мамлакатлар таълим тизимидаги алоқаларни фаоллаштириш мақсадида икки давлатнинг олий таълим муассасалари ректорларининг саммитини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Campus France ўртасида яқин келажакда ҳамкорлик режасини имзолашга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида, Campus France агентлиги 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, Франциядаги 352 олий таълим даргоҳини ўз атрофига бирлаштиради.
Ўзбекистон коинот ва сунъий йўлдош соҳасида Франциянинг Thales Alenia Space компанияси билан ҳамкорлик қилиши мумкин. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари С.Сафоев ва компания вице-президенти Э.Имберт иштирокидаги учрашувда муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистонда космик ва сунъий йўлдош соҳасини ривожлантиришни кўзда тутувчи, икки томон учун бирдек манфаатли бўлган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистонда сунъий йўлдош аппаратлари яхлит тизимини яратиш, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш имконини берадиган технологик база ташкил этиш масалалари шулар жумласидан.