Президент Мирзиёев афви диний маҳбусларни ҳам кўзда тутадими?
(last modified Fri, 31 Aug 2018 13:04:02 GMT )
август 31, 2018 18:04 Asia/Tashkent
  • Президент Мирзиёев афви диний маҳбусларни ҳам кўзда тутадими?

Бу саволнинг кун тартибига чиқишига Ўзбекистон Президентининг мамлакат Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан имзолаган афв тўғрисидаги янги фармони асос берган.

30 август куни имзоланган фармон жаъми 261 нафар маҳбуснинг президент томонидан афв этилишини кўзда тутган.

Янги фармон мазмунидан англашилишича, уларнинг ярмидан кўпроғи, яъни 135 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Маҳаллий фаолларнинг эътироф этишларича, бунақаси Ўзбекистон мустақиллиги тарихида кузатилмаган.

Янги фармон Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги томонидан чоп қилинган.

Аммо Ўзбекистон президентининг фармонида сўз айнан қандайин тақиқланган ташкилотлар ҳақида бораётгани тафсилотлари очиқланмайди.

Тақиқланган ташкилотлар...

Тошкентдаги мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг ўзига имконли бўлган маълумотларга таяниб айтишича эса, Ўзбекистонда жаъми 18 та ташкилот фаолияти тақиқланган.

Фаолга кўра, улардан барчаси диний йўналишдаги ташкилот ва оқимлар бўлади, орасида бирор бир сиёсийси йўқ.

У Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган, деб айтган бу каби ташкилот ва оқимлардан энг асосийлари сифатида "Ҳизбут Таҳрир" ва "Ваҳобийлик" оқимини тилга олади.

Сурат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистонда бу каби ташкилот ва оқимларга алоқадорлик айби билан қамалганларнинг жазо муддати камида 7 йилдан 20 йилгача бўлган муҳлатни кўзда тутади.

Фаол бу каби маҳкумларнинг орасида "аёлларнинг сони ҳам кам эмас"лигини айтади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги фармони, "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш"ни кўзда тутади.

Фармонга мувофиқ, жаъми 261 нафар маҳкумдан 215 таси жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилади.

"46 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади".

Лекин фармонда улар "афвга тушган" тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган 135 нафар шахс сирасига кириш-кирмаслиги очиқланмаган.

Бу каби маҳкумларнинг қамоқ муддатлари қанчага қисқартирилиши тафсилотлари ҳам келтирилмаган.

Афв этилиши кўзда тутилаётган маҳкумларнинг кимлар экани, жинси ва ёшлари ҳам номаълум.

Фақат афв этилганларнинг 5 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ташкил этиши билдирилган, холос.

261 нафар "афвга тушган" маҳкумларнинг орасида чет эл фуқаролари бор-йўқлиги ҳам ҳозирча маълум эмас.

 

Ёрлиқ