БМТ бош котиби Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга табрик йўллади
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев номига табрик йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси халқини Мустақиллик куни билан самимий муборакбод этиш менга катта мамнуният бағишлайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бойлиги унга аъзо давлатлар хилма-хиллигидадир. Биз, халқлар, ташкилотимиз Уставида мустаҳкамлаб қўйилган қадриятларни қўллаб-қувватлаш йўлида бирлашганимизда фаолиятимиз кучайиб бораверади. Глобал хатарлар, шу билан бирга, улкан имкониятлар даврида ушбу эзгу қадриятлар бизни боғлаб туради.
Мамлакатингиз ушбу миллий байрамни нишонлаётган кунларда Сизни ишонтириб айтаманки, мен Бирлашган Миллатлар Ташкилоти самадорлигини ошириш ҳамда барча учун тинчлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш йўлида фаол ҳаракат қиламан.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Антониу Гутерриш, БМТ бош котиби