Молия вазирлиги қанча маблағ ӯғирланганини маълум қилди
Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2018 йилнинг 3-чорагида ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқлари ҳамда жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида бюджет ташкилотларида жами 1 334 та давлат молиявий назорати тадбирлари ўтказилди, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги.
Ўтказилган назорат тадбирларидан 1 111 тасида молиявий интизомга риоя қилинмай сарфланган маблағлар 16,6 млрд сўмни, шундан камомад ва ўзлаштиришлар 4,5 млрд сўмни, ноқонуний харажатлар 12,1 млрд сўмни ташкил этди.
Назорат тадбирларини ўтказиш жараёнида ва унинг натижалари юзасидан берилган кўрсатмаларга асосан аниқланган 11,2 млрд сўм миқдоридаги нотўғри сарфланган маблағлар белгиланган тартибда тикланиши таъминланди ҳамда 710 та назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида бюджет интизомини бузган бюджет ташкилотларининг 20 нафар раҳбар ва мансабдор шахслари 13,9 млн сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.