Путиннинг Ўзбекистонга ташрифини 200дан ортиқ журналист ёритади
-
Путиннинг Ўзбекистонга ташрифини 200дан ортиқ журналист ёритади
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йил 18 октябрь куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатга келади.
Давлат раҳбарлари мунтазамлик касб этган сиёсий мулоқотнинг давоми сифатида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ҳолати юзасидан фикр алмашадилар, стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қиладилар.
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ҳамда ушбу давлат делегацияси ташрифини, шунингдек, ташриф доирасида ўтказиладиган тадбирларни маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тезкор ва кенг ёритишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Ўзэкспомарказ”да Матбуот маркази ташкил этилди. Ушбу ташриф ҳамда унинг доирасидаги тадбирларни ёритиш учун Россия Федерациясидан 27 оммавий ахборот воситаси ўзининг 100га яқин журналист ҳамда техник ходимлари билан иштирок этиши кутилмоқда.
Шунингдек, 10 губернаторнинг ахборот хизмати вакиллари қатнашиш истагини билдирган бўлса, мамлакатимизда доимий аккредитациядан ўтган 31 журналист ҳам бу жараёнларни ёритишда иштирок этади.