Бола бир мактабдан бошқасига қандай ўтказилади?
-
Бола бир мактабдан бошқасига қандай ўтказилади?
Қонунчиликка мувофиқ ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.
Адлия вазирлиги телеграм-каналининг ёзишича, бунинг учун қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш лозим.
1. Фарзанд таълим олаётган мактаб директори номига ариза берилади. Аризада фарзандини бошқа мактабга ўтказиш сабаблари кўрсатилади.
Мазкур ариза бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқиш кўчирилаётган мактабга тақдим этиш учун тегишли шаклда мактабдан кетиш талони берилади.
2. Ўқиш кўчирилаётган мактаб директорига ўқишга қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Аризага мактабдан кетиш талони ва яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома илова қилинади.
Ўқиш кўчирилаётган мактаб директори ариза ва мактабдан кетиш талонини қабул қилиб олинган куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактабга тақдим этиш учун мактабга келиш талонини бериши лозим.
3. Фарзанд ўқиётган мактаб директорига мактабга келиш талонини бериш лозим.
Бунда шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилинади. Мазкур буйруқ билан ота-оналар таништирилиб, қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ўқувчининг мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;ўқувчининг тиббий картаси.
4. Ҳужжатларни ўқиш кўчирилаётган мактаб директорига топшириш лозим. Бунда шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун муддатда синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.