Россияда қийин аҳволда қолган 42 кишидан иборат ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди
Ўзбекистонга қайтарилган фуқароларнинг яшаш манзилига қадар йўл харажатларини қоплаш мақсадида улар учун пул маблағлари тарқатилди
Хорижда қийин аҳволда қолган ўзбекистонликларнинг 42 кишидан иборат 2-гуруҳини Тошкент Халқаро аэропортида қариндошлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликларининг масъул вакиллари кутиб олди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шундан сўнг, улар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига олиб борилиб, у ерда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилди. Фуқаролар саломатлиги назоратга олингач, Россия Федерациясидан олиб келинган ўзбекистонликлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида хорижда оғир аҳволда қолган фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларнинг келгуси фаолиятлари учун керакли имкониятларни яратиш, жумладан, хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиши учун микрокредитлар ажратиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди, фуқароларни қизиқтирган масалаларда фикр-мулоҳаза алмашилди.
Учрашув якунида Ўзбекистонга қайтарилган фуқароларнинг яшаш манзилига қадар йўл харажатларини қоплаш мақсадида улар учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида пул маблағлари тарқатилди.