Ӯзбекистондан 5 минг долларгача бўлган товарларни декларациясиз олиб чиқиш мумкин
Жисмоний шахслар 5 минг АҚШ долларгача бўлган товарларни божхона декларацияси топширмасдан олиб чиқади
Ўзбекистон Республикаси президентининг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Президент фармонига кўра, савдо механизмларини янада такомиллаштириш, товар бозорларида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида, 2019 йил 1 январдан бошлаб:
товар-хомашё биржаси аъзоларининг даромадларига қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиққа тортиш шартлари тадбиқ этилади;
жисмоний шахсларга 5 минг АҚШ долларига тенг бўлган товарларни Ўзбекистон Республикасидан божхона декларацияси топширмасдан олиб чиқишга рухсат этилади.
Шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар учун Интернет тармоғи орқали 5 минг АҚШ долларигача халқаро тўлов тизими орқали товар (хизмат)ларни экспорт қилиш учун тўловларни харидор билан ёзма шартнома тузишни талаб қилмасдан, шу билан бирга ташқи савдо операциялари Ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан ҳамда почта алоқа хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ юкнинг божхона декларациясини расмийлаштирмасдан, ҳисоботни оммавий қабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ юритган ҳолда амалга оширилади.