Сурхондарёлик аёл 26 млн сўм ва 500 долларни ўғирлади
ноябр 07, 2018 17:26 Asia/Tashkent
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги Гўзаллик маҳалласида яшовчи 33 ёшли фуқаро уйидаги сандиқда сақлаб келаётган 26 миллион 900 минг сўм пул ва 500 доллар ўз маҳалладоши томонидан ўғирланди.
УзА сайтига кўра, тушликка яқин у уй эшигини очиқ ташлаб, кўчага чиқиб кетади. Қайтиб келганида сандиқ оғзи очилиб қолгани, у ерда пуллар йўқлигига кўзи тушади. Жамғариб келаётган маблағи йўқолганига ишонч ҳосил қилгач, ички ишлар идорасига мурожаат этди.
Зудлик билан олиб борилган қидирув ишлари натижасида мазкур ўғриликни шу маҳаллада яшовчи 32 ёшли аёл содир этганлиги аниқланиб, ундан ашёвий далил олинди.
Айни пайтда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.