БМТ махсус вакили: Аёлларнинг давлат бошқарувида фаол иштирокини кўриш қувонарли ҳолдир
Ўзбекистонда давлат ишларида аёлларнинг фаолроқ иштирок этишини кўриш қувонарли, деди БМТ бош котибининг марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман, Sputnik мухбири хабарига асосан.
“Мен Ўзбекистонда тез-тез бўлиб тураман ва доимо аёл депутатлар, аёл вазир ўринбосарлари билан танишаман. Ўзбекистонда аёлларнинг давлат қарорлари қабул қилинишида янада фаолроқ иштирок этиши ни кўриш қувонарли ҳолдир. Албатта, бунда Давлат Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг раисаси Танзила Норбоеванинг алоҳида ҳиссаси бор”, - деди БМТ махсус вакили.
Ундан ташқари Наталья Герман БМТ бугунги кунда Марказий Осиёда гендерлар тенглиги муаммосига жуда катта эътибор бераётганини, хусусан янги қабул қилинаётган давлат қонунларида аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини сақлашга алоҳида эътибор бераётганини айтиб ўтди.
Герман айтишига қараганда, БМТ гендерлар тенглиги муаммосини биринчи навбатда ўз таркибидан бошлаган. Бугунги кунда Бирлашган миллатлар ташкилотида аёл ва эркак ходимлар сони 50/50. Ундан ташқари ташкилотда ҳар бир давлат қўмитасида ҳам аёл ва эркак ходимлар сони тенглаштирилган. Бу БМТ янги бош котиби Антониу Гутерришнинг шахсий мақсади бўлган ва у буни қисқа вақт ичида амалга оширган.