Еврокомиссия Ўзбекистон уран конларининг экологик реабилитацияси учун 10 млн евро ажратди
Пайшанба куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Лондондаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган Марказий Осиё учун Экологик реабилитация ҳисобига бадаллар эълон қилиш бўйича конференцияда 30 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Конференцияни ЕТТБ биринчи вице-президенти Юрген Рихтеринк очди ва банк ўзининг экспертлик салоҳиятини радиациядан хавфли объектларни фойдаланишдан чиқариш жараёнида қўллашга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.
Европа комиссияси қўшимча равишда яна 10 миллион евро тақдим этди. Шунингдек, йирик бадаллар Бельгия, Швейцария, АҚШ ва Норвегия томонидан эълон қилинди. Литва ҳам маълум бир сумма киритди. Йиғилган маблағлар реабилитацияга муҳтож бўлган янги объектларга фонд фаолиятини жорий этиш имкониятини беради, аммо мазкур минтақадаги биринчи галдаги жами участкаларда ишларни бошлаш учун қўшимча маблағлар талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, Фонд 2015 йилда Европа комиссияси ташаббуси билан ташкил этилган ва ЕТТБ бошқаруви остида фаолият кўрсатиб келади. Экологик реабилитация ҳисоби (ЭРҲ) нинг Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги фаолияти доиравий битим имзоланганидан сўнг бошланди. Қирғизистон ва Ўзбекистондаги тўрт объектда реабилитация ишлари 2019 йилда бошланади.
Собиқ иттифоқ даврида Марказий Осиё муҳим уран манбаси бўлиб келган. Уни қазиб олиш бу ерда қарийб 50 йил давом этган. Боз устига, бу ерга қайта ишлаш учун бошқа давлатлардан ҳам уран рудаси келтирилган. Кон ғорлари ва думсимон омборларда катта ҳажмдаги радиацион материаллар тўпланиб қолган. 1995 йилга келиб уран қазиб олувчи ишлаб чиқариш корхоналарининг аксарияти ёпилган, лекин унгача ҳам, конлар ва кон бойитиш корхоналарининг ёпилганидан сўнг ҳам экологик реабилитация амалда ўтказилмаган.