Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот ўтказди
13 ноябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Суҳбатда давлат раҳбарлари кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва уни олий даражада эришилган келишувлар доирасида ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари икки томонлама дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Президентлар ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни кучайтириш, самарали транспорт йўлакларини шакллантириш, ҳудудлараро ва гуманитар алмашувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Давлат раҳбарлари қардош Ўзбекистон ва Туркманистон халқларининг фаровонлиги йўлида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали муносабатларни изчил кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.