Инвесторлар: Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар фаолияти ижобий эмас
Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарда (ЭИЗ) жойлашган корхоналарга сармоя киритган инвесторларнинг аксарияти афсусланмоқдалар.
Швейцариянинг “Ривожланиш стратегияси” марказининг мутахассислари томонидан ўтказилган сўров натижалари далил бўлмоқда деб келтирган Фарғона сайти.
Тадқиқотлар “Навоий” ва “Ангрен” ЭИЗларида ўтказилган бўлиб, иқтисодий зоналарнинг фаолиятининг норматив-ҳуқуқий база ва инвестициявий жозибадорлик, солиқ, божхона маъмуриятчилиги, корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсири ва ижтимоий-иқтисодий таъсири каби жиҳатларини қамраб олган. Сўров жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган.
Эркин иқтисодий зоналар резидентлари тўқнаш келаётган асосий муаммолар қаторида ишчи визаларни олиш мураккаблиги ва бюрократизм қайд этилмоқда. Инвесторлардан бирининг айтишича, олти ой давомида Давлат экология хулосасини кутган ва мана уч ой бўлибдики, қурилишга рухсат ололмай ўтирибди.
Респондентлар шунингдек, логистика атрофидаги вазиятнинг чатоқлигини кўрсатишмоқда. Биринчидан, ЭИЗ таркибида тегишли хизматлар йўқ, иккинчидан эса, юк ташишга нархлар ҳаддан зиёд ошириб юборилган. Мисол учун, 40 футли контейнерни Навоийдаги “Тинчлик” станциясидан 25 километр масофада жойлашган “Навоий” ЭИЗ ҳудудига етказиб бориш учун $500 тўлашга тўғри келмоқда.