Шавкат Мирзиёев АҚШ конгресси делегациясини қабул қилди
(last modified Tue, 20 Nov 2018 05:34:46 GMT )
ноябр 20, 2018 10:34 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев АҚШ конгресси делегациясини қабул қилди
    Шавкат Мирзиёев АҚШ конгресси делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни конгрессмен Трент Келли бошчилигидаги АҚШ Конгресси делегациясини қабул қилди.

Ўзбекистон раҳбари таркибида АҚШ Вакиллар палатаси аъзолари Висенте Гонсалес, Рональд Эстес, Рожер Маршалл ва Женнифер Гонсалес Колон ҳам бўлган делегацияни самимий қутлар экан, конгрессменларни АҚШ парламентига оралиқ сайлов муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил май ойида Вашингтонда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб бергани таъкидланди.

Савдо-иқтисодий соҳада биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилишга АҚШнинг етакчи компаниялари тўғридан-тўғри инвестициялари ва технологияларини жалб этиш борасида аниқ йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ортди, мамлакатимизда АҚШ капитали иштирокида 25 дан зиёд янги корхона ташкил этилди.

Октябрь ойида мамлакатимизда АҚШ савдо вазири Уилбур Росс бошчилигидаги нуфузли делегация иштирокида биринчи марта Америка бизнеси ҳафталиги ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари АҚШ Вакиллар палатасида конгрессменлар Т.Келли ва В.Гонсалес раҳбарлигида «Ўзбекистон бўйича кокус» ташкил этилганини мамнуният билан қайд этди. Ушбу механизм муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва аниқ иқтисодий лойиҳаларни илгари суришда самарали омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларга доир, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Конгрессменлар давлат раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган ҳамда барча соҳа ва йўналишларни қамраб олган ислоҳот ва янгиланишларга юксак баҳо берди.

Ёрлиқ