ноябр 21, 2018 12:47 Asia/Tashkent
  • Имомали Раҳмон Ўзбекистон Қонунчилик палатаси спикери Исмоилов билан учрашди
    Имомали Раҳмон Ўзбекистон Қонунчилик палатаси спикери Исмоилов билан учрашди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбеда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов билан учрашди.

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, жумладан, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш муҳокама қилинди.

Имомали Раҳмон меҳмонни қутлаб, ушбу ташриф натижалари, учрашувлар ва музокаралар Тожикистон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги шериклик муносабатларини ривожлантиришда муҳим омилга айланишини маълум қилди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмонни Роғун ГЭС биринчи агрегати ишга туширилгани билан табриклади.

«Мен бу улкан объектнинг муваффақиятли ишга туширилганидан қойил қолдим, ушбу воқеа Тожикистон замонавий тарихига муҳрланади, лойиҳани амалга ошириш эса нафақат Тожикистон халқи, балки Марказий Осиё минтақасининг барча аҳолиси учун муҳим. Бу ноёб лойиҳа Сиз, ҳурматли Имомали Раҳмон, Сизнинг қатъийлигингиз ва узоқни кўзлаган сиёсатингиз туфайли амалга ошди», - дея маълум қилди у.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар стратегик шерикликнинг янги босқичига чиққани, бунга эришишда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи кучли туртки бергани таъкидланди.

Томонлар парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, жумладан, парламентлараро дўстлик гуруҳини фаоллаштириш ва қонунчилик соҳасида тажриба алмашишдан манфаатдорлигини билдиришди.

Хавфсизлик масалалари муҳокамаси чоғида қуйидаги йўналишлар халқлар учун устувор ва манфаатли деб топилди - минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси ҳамда трансмиллий жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши биргаликда курашиш.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди, деб хабар берди Тожикистон президенти матбуот хизмати. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Имомали Раҳмон Роғун ГЭС шарафига ташкил этилган концертда рақсга тушганди.

Ёрлиқ