Аёлни ечинтирган милиционер 6,6 йилга қамалди
Санъат Умаровга суд ҳукми ўқилди
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ ходими Санъат Умаров устидан ҳукм ўқилди.
19 октябрь куни бошланган суд мажлиси мобайнида айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган, судланувчи С.Умаров ва жабрланувчи Н.Тошматованинг кўрсатмалари тингланган, суд тергови ўтказилиб, унда гувоҳлар сўроқ қилинганди.
Бугун, 21 ноябрь куни ЖИБ Самарқанд вилоят суди Санъат Умаров нисбатан ишни якунлади.
KUN.UZ мухбири хабар беришича, судья Ўткир Мамадалиев судланувчи устидан ҳукмни ўқиб эшиттирган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда (яъни, у озодликдан чиққанидан кейин 3 йил давомида давлат ишида ишлай олмайди), 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилади.
Шунингдек, суд томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилган.
Санъат Умаров 1988 йилда Самарқанд туманида туғилган, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, Каттақўрғон шаҳри ИИБ катта тезкор вакили лавозимида ишлаган.
У ва ИИБнинг бошқа ходимлари шу йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида аёл кишини ўғирликда айблаб ҳақорат қилгани ва ечинишга мажбурлагани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетиб, катта шов-шувларга сабаб бўлганди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 6 июлдаги ажримига муфовиқ, Санъат Умаров эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.
Бу воқеа ортидан Самарқанд вилояти Ички ишлар тизимида ишлаб келаётган бир неча ходимлар жумладан, Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғиИлёс Абдуқаҳҳоров ишдан бўшатилган.