Мирзиёев: тадбиркорликни ривожлантириш учун микрокредитлар ҳажми кўпайтирилади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни банк тизимини ислоҳ этиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банкларининг ролини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда банк тизимида ижобий натижалар билан бирга, қатор муаммолар ҳам борлиги қайд этилди. Жорий йилда президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига банк соҳаси бўйича 24 мингдан зиёд мурожаат бўлгани шундан далолат беради.
Видеоселекторда муаммоли кредитлар масаласи муҳокама қилинди. Бундай кредитлар жами кредитларнинг 1,8 фоизидан кам бўлса-да, йил бошига нисбатан ошгани қайд қилинди. Ҳудудлар кесимида бундай кредитларининг 76 фоизи Тошкент шаҳрига, 5 фоизи Қашқадарё, 3 фоизи Бухоро вилоятига тўғри келади.
Шунингдек, ҳокимликлар ва тармоқлар томонидан айрим лойиҳалар пухта ишлаб чиқилмагани оқибатида бир қатор объектлар ўз вақтида ишга тушмагани ҳамда кредитлар қайтиши чўзилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида микрокредитлар ҳажмини кескин ошириш, уларни ажратиш тартибини соддалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.