Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўқув-жанговар вазифаларни бажариш пунктларига ташланди (фото)
Ўзбекистон Президентининг тегишли фармойишига мувофиқ, 26 ноябрь эрта тонгда Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўқув тревогаси бўйича кўтарилди.
Ўзбекистон Президентининг тегишли фармойишига мувофиқ, 26 ноябрь эрта тонгда Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўқув тревогаси бўйича кўтарилган бўлиб, ҳозирда ҳам унинг доирасидаги ташкилий тадбирлар давом этмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мамлакат Мудофаа вазирлиги қўшинлари жанговар шайлигини мажмуавий текширишнинг иккинчи босқичида жанговар ҳаракатларни бажаришда белгиланган пунктларга шахсий таркиб ҳамда ҳарбий техникаларнинг автомобиль ва темирйўл техникаси ёрдамида олиб ўтилиши билан қўшинларнинг тезкорлиги ва шайлиги намойиш этилди.
Шундай қилиб, Мудофаа вазирлиги қўшинлари саккизта полигонга жойлаштирилди. Ўқув машғулотлари бўйича навбатдаги ҳаракатлар «Шўрсу», «Ангрен», «Фориш», Каттақўрғон», «Нуристон», «Термиз» ва «Нукус» полигонларида бўлиб ўтяпти, ҳарбий округларнинг бирлашган гуруҳлари очиқ ҳудудга жойлаштирилди ва махсус операцияларни ўтказиш режалаштирилди.
Разведка маълумотлари асосида куч ва воситаларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Мобил бошқарув пунктларида ишлар уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Бўлинмаларни бошқариш ва ҳаракатларини мувофиқлаштиришда энг муҳим жиҳат — бу, шубҳасиз, барқарор алоқанинг ташкил экани. Қўшинларда алоқанинг узлуксизлиги таъминланган ва мунтазам қўллаб-қувватланмоқда.
Шу куннинг ўзида штурм ҳамда қўниш имкониятига эга авиация техникалари ёрдамида шахсий таркибни десантлаштириш масалалари кўриб чиқилди, жанговар самолёт ва вертолётлар асосий аэродромлардан заҳирадаги ҳарбий округларнинг аэродромларига олиб ўтилди. Куч тузилмаларининг бошқарув органлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.