Ўзбекистонда автомобил ўғирланишига қарши ускуна-датчик ўрнатилади
(last modified Sun, 02 Dec 2018 05:52:50 GMT )
декабр 02, 2018 10:52 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда автомобил ўғирланишига қарши ускуна-датчик ўрнатилади
    Ўзбекистонда автомобил ўғирланишига қарши ускуна-датчик ўрнатилади

Тошкентда ўтказилган ИИВ матбуот-анжумани доирасида маҳаллий ва хорижий журналистлар эътиборига ИИВ Қўриқлаш хизмати томонидан синовдан ўтказилаётган автомобиллар ўғирланишига қарши ускуна намойиш этилди

Ўзбекистондаги автомобил транспортларининг бирида уни ўғрилардан ишончли ҳимоя қилувчи ускуна синовдан ўтказилмоқда. Ижобий натижалардан сўнг, у Ўзбекистондаги транспорт воситаларида ўрнатилиш учун тавсия этилиши мумкин, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

"Ўзбекистонда автомобил ўғирланишига қарши Россиянинг "Сократ" қўриқлаш агентлиги томонидан ишлаб чиқарилган борт комплекти мавжуд. Автомобил ушбу мосламага датчиклар орқали уланади. Датчиклар қўриқлаш хизмати ходимларига мониторинг давомида транспорт воситасининг ҳаракатланиши, сарфлари, айни вақтда транспорт воситаси қаерда ҳаракатланаётгани, юрғизилган ёки юрғизилмагани ва, ҳаттоки, эшиклари очиқ-очиқ эмаслигигача кўрсатиб туради" - деди Спутник мухбирига Тошкент шаҳар Қўриқлаш хизмати вакили Фарҳод Ачилов.

Таъкидланишича, транспорт воситаси ўғрилар томонидан очилгани ҳақида ташвиш хабари келиб тушадиган бўлса, қўриқлаш хизмати ходимлари автомобилни шу заҳоти тўхтатиши, эшикларини блоклаши ва мутлақо ҳаракатдан чеклаши мумкин.

Ачилов шунингдек, ушбу ускунани ташқаридан ўчириб қўядиган "глушителлар" мавжуд эмаслигини қайд этди. 

"Ҳозирда ушбу мослама транспорт воситаларининг бирида синовдан ўтказилмоқда. Тегишли ижобий кўрсаткичлардан сўнг қўриқлаш хизмати уни республикада жорий этиш бўйича ишларни бошлаб юборади", - деди қўриқлаш хизмати вакили. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ИИВ икки йилдан бери автомобил ўғирлигига чек қўядиган ускунани жорий қилиш ваъдасини бериб келади. Хусусан, 2017 йилнинг май ойида Тошкент милицияси ўзи ишлаб чиқарган, масофадан бошқариладиган электрон тизимни ишга туширишни режалаштираётгани ҳақида оммага эълон қилган бўлиб, ушбу лойиҳа 2018 йилдан амалга оширилиши керак эди.

Ёрлиқ