Ўзбекистонда 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади
(last modified Sat, 08 Dec 2018 14:31:36 GMT )
декабр 08, 2018 19:31 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади
    Ўзбекистонда 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Ҳужжат билан 2019—2025- йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ва мазкур концепцияни амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди:

2019 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг айрим туманларида тиббиёт муассасаларини «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизимини эксперимент тартибида жорий этиш;

Эксперимент натижаларини танқидий таҳлил қилиш асосида молиялаштиришнинг янги механизмларини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич татбиқ этиш;

2019- йил 1 июлдан бошлаб вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш тизимини жорий этиш, бунда кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига кирмайдиган даволаш турлари пуллик асосда амалга оширилади;

2019 йил 1 июлдан бошлаб айрим даволаш-профилактика муассасаларини ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари асосида белгиланган тартибда инвесторларга ишончли бошқарувга бериш;

2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида мажбурий тиббий суғурталашни босқичма-босқич жорий этиш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилади.

Қуйидагилар унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштиришга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг ягона сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш;

ногиронликни белгилашнинг кенг қамровли ягона тизимини яратиш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;

тиббий-ижтимоий муассасаларнинг кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

муҳтож шахсларни протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш ва уларни мувофиқлаштириш.

Ёрлиқ