Ички ишлар ходимлари Қуръонга қўл қўйиб қасамёд қилишди
Ўтган ҳафта давомида Тошкент вилоят, Юқоричирчиқ туманида ички ишлар ходимлари Қуръонга қўл қўйиб, пора олмасликка ва тамагирлик қилмасликка қасамёд қилдилар. Ижтимоий тармоқларда айни туман Ички ишлар идорасида қасамёд маросими акс этган сурат тарқалди.
Ўтган ойдан буён Ўзбекистон бўйлаб фермерлару шифокорлар, солиқчию божхоначиларнинг оммавий қасамёд маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Айни тадбирлар, Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги мулозимининг маълум қилишича, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 2 февралдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонуннинг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури рамкасида ўтказилмоқда.
Жазоланишидан қўрқиб исми сир қолишини сўраган Юқоричирчиқ ИИБ ходими қасамёд маросимлари туман имом- хатиби иштирокида бўлиб ўтганини билдирди:
"Қасамёд маросимлари Юқорчирчиқ имом-хатиби иштирокида бўлиб ўтди. Шахсий таркибдаги ҳар бир ходим Қуръоннинг ўзбек тилидаги нусхасига қўлини қўйиб, порахўрлик ва тамагирлик қилмасликқа қасам ичди," - деди у.
Ўзбекистонда оммавий равишда қасамёд қилиш маросими дастлаб Сирдарёлик фермерлар орасида кузатилди.
Ноябрь ойида Каттақўрғон ва Жомбой туманларида шифокорларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ҳам ўтказилди.
Ҳозирда Ўзбекистонда давлат хизматчиларига қасамёд келтиришни шарт этиб қўйиш масаласи кўрилмоқда.