Фирибгар табиб жазоланди
Фарғона шаҳрида имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган Республика касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Маҳмуд Парпиев фирибгарликка қўл урди, деб хабар қилди Ўзбекистон Олий суди матбуот-хизмати.
Парпиев муқаддам ҳам бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, ўзганинг мулкини қўлга киритиш жиноятини содир этган, дейилади хабарда.
Фирибгар 2017 йил сентябрь ойидан 2018 йил январь ойига қадар имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган Республика касб-ҳунар коллежида тиббий билим асослари фани ўқитувчиси вазифасида ишлаб келди.
"Хавфли рецидивист бўлгани ҳолда мазкур коллежнинг ўқувчиларига ўзини турли мамлакатларда малака ошириб келган шифокор сифатида таништиради. Улардаги жисмоний нуқсонларни даволаш йўли билан бартараф этиш мумкинлиги ҳақида айтиб алдаб, ўқувчи ва уларнинг ота-оналаридан турли миқдордаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади", - дейилади хабарда.
Парпиев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б" банди билан айбдор деб топилди.
Жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг ҳукмига кўра, Жиноят Кодекси 168-моддасининг бешинчи қисми (Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сон Қонуни таҳририда) ҳамда Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги "Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарорининг 26-бандига кўра жиноят оқибатида етказилган зарарни қопланиши озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўллашни истисно этади.
Парпиевга оид жиноят ишини суд мажлисида кўрилиши давомида судланувчининг яқин қариндошлари томонидан 7 нафар жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги инобатга олиниб, қонуннинг жазони енгиллаштирувчи нормалари қўлланилиб, фирибгарга иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.