Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди
-
Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди
3-май куни Мирзиёев ва Путин телефон орқали суҳбатлашдилар.
Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик ериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилишди.
Спутник сайтининг Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, Россия президентининг ўтган йил май ойидаги Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш натижалари кўриб чиқилди.
Ўзаро товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар ва бизнес даражасидаги фаол мулоқотларни давом эттиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳим экани таъкидланди.
Шу маънода, Тошкент шаҳрида бешинчи "Иннопром. Марказий Осиё" халқаро саноат кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган ишбилармонлик тадбирларининг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Гуманитар ҳамкорлик, энг аввало, маданият, санъат, фан ва таълим, спорт ва туризм соҳаларида кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак учрашувлар режасини муҳокама қилдилар.