Парламент аъзолари Соғлиқни сақлаш вазирлигини кескин танқид қилишди
2018 йил 19 декабрь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг вазирликнинг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Парламент эшитувида депутатлар соғлиқни сақлаш вазири эътиборини соҳадаги мавжуд камчиликлар, ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳамда фуқароларимиз томонидан билдирилаётган мурожаатларга қаратдилар.
Депутатларнинг фикрига кўра, бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги гарчанд давлат раҳбари томонидан тиббиёт ходимларининг 2 ставкагача ишлаши учун шароит яратилгани, ишловчи шифокорларга пенсиясини 100 фоиз олиши мумкинлиги масалалари аллақачон ҳал этилгани, тиббиёт олий ўқув юрти битирувчиларини соҳага жалб қилиш борасида чора-тадбирлар ва бошқалар бир қатор муаммоларни ҳал этди. Лекин бу борада вазирлик ўзига боғлиқ қатор масалаларни охиригача ҳал этмаган. Шифокорлар даврий тиббий кўрикдан ўтиши, малака ошириши ёки қайта ихтисослашиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими томонидан молиялаштирилмаган, уларнинг тоифа олиши учун ҳам ҳамон тўсиқлар мавжудлиги кадрлар етишмовчилигида омил бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда ихтисослашган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Ушбу марказлар раҳбарлари ва малакали мутахассислари жойларда ўз ишларини ташкил қилмоқда, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам бажармоқда. Лекин бундай ишлар ҳамма марказларда тўғри йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Марказлар ўз ишларини ташкил этишда касалликларнинг ҳудудлар бўйича таҳлилларига, шунингдек, чуқур илмий-назарий тадқиқотлар натижаларига асосланиши лозим. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари кўпроқ эътиборни профилактик тадбирларига эмас, балки даволашга қаратмоқдалар.
Парламент аъзолари вазирлик томонидан ихтисослаштирилган марказлар фаолиятига замонавий АКТларни кенг жорий этиш орқали шаффофлик таъминлаш, беморларга навбатсиз даволаниш имконини яратиш борасида сусткашликка йўл қўйилаётганини танқид қилдилар. Бу борада гап кетганда, депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси саъй-ҳаракати билан Тошкент шаҳридаги 47-сонли оилавий поликлиникада намунавий тарзда электрон поликлиника тизими ташкил қилингани, у амалиётда ўз самарасини кўрсатгани қайд этилди. Бироқ соҳа мутахассислари кенг эътироф этаётган ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш ишлари вазирлик томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳанузгача ҳудудларда бирламчи муассасага бириктирилган аҳолининг электрон рўйхати шакллантирилмаган.
Маълумки, мамлакатдаги барча туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида бепул хизмат кўрсатадиган шифохоналар мавжуд. Бироқ Тошкент шаҳар туманларида бундай шифохоналар йўқлиги сабабли пойтахт аҳолиси шаҳар шифохоналарида пулли асосда даволанишга мажбур бўляпти. Навоий вилоятининг Навоий ва Зарафшон шаҳарларида ҳам худди шундай ҳолатни кузатиш мумкин.
Бундан ташқари, туман, вилоят ва республика миқёсидаги тиббиёт ташкилотлари ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш борасидаги муаммолар ҳам депутатлар эътиборидан четда қолмади. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болалар касалликлари ва ногиронлигининг олдини олиш йўналишидаги ишларни янада жонлантириш, бу борада илмий-амалий тадқиқотларни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, фракциялар вакиллари фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини қониқарли деб топса-да, вазирлик ўз иш услубини президентнинг 2018 йил 7 декабрдаги қарорида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб ташкил этиши лозимлиги таъкидланди.