Магнитогорскдаги фожиада жароҳат олган Ўзбекистон фуқароси жонлантириш бўлимида қолмоқда
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i41781
Магнитогорскда душанба куни газ портлаши ва кўп қаватли уйнинг йўлаги қулаши оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳам жароҳат олди.
(last modified 2019-01-01T10:19:04+00:00 )
Январ 01, 2019 15:17 Asia/Tashkent
  • Магнитогорскдаги фожиада жароҳат олган Ўзбекистон фуқароси жонлантириш бўлимида қолмоқда
    Магнитогорскдаги фожиада жароҳат олган Ўзбекистон фуқароси жонлантириш бўлимида қолмоқда

Магнитогорскда душанба куни газ портлаши ва кўп қаватли уйнинг йўлаги қулаши оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳам жароҳат олди.

У ҳозирда жонлантириш бўлимида. Бу ҳақда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Вероника Скворцова «Россия 24» телеканали орқали трансляция қилинган, фожиа жойида ўтказилган оператив йиғилишда маълум қилди.

«Ўзбекистон фуқароси энг оғир жароҳатларни олди, у 36 ёшда. Уни охирида чиқариб олишди, етти соат вайроналар остида бўлган. Қовурғалари синган, қорин бўшлиғи жароҳат олган, қоражигари ёрилиб кетган. У жарроҳлик амалиётидан ўтказилди, ҳозир жонлаштириш бўлимида», - деди Скворцова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Магнитогорскда ҳалок бўлганлар сони ортганди - ҳалок бўлган яна икки кишининг жасади вайроналар остидан чиқариб олинди.

31 декабрь куни эрталаб соат 4да Магнитогорскда маиший газ портлаши оқибатида ўн қаватли уйнинг подъездларидан бири қулаб тушган. ФВВнинг сўнгги хабарига кўра, портлаш натижасида етти киши ҳалок бўлган, 33 кишининг тақдири номаълум.