Эктор Купер: Бугун фақат ғалаба учун майдонга тушамиз
Осиё Кубоги—2019 мусобақаси сўнгги тури доирасида 17 январь, пайшанба куни Япония—Ўзбекистон учрашуви бўлиб ўтади.
Ўйиндан олдин аргентиналик мутахассис Эктор Купер ҳам матбуот анжуманида иштирок этди.
«Эртага Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши ўйнаймиз. Лекин биз фақат эртанги баҳс ҳақида ўйлаётганимиз йўқ. Чунки 1/8 финалга чиқиб бўлдик. Баъзи футболчиларга дам берамиз. Ўйинчилар жароҳат олмасликлари учун уларни ўйлашимиз керак. Мақсадимиз Японияни мағлуб этиб, гуруҳда биринчи ўрин билан кейинги босқчига чиқиш», — дея сўз бошлади Купер.
— Муддатдан аввал гуруҳдан чиқиш вазифаси бажарилди. Эртага таркибда қандай ўзгаришлар бўлади? Японияга қарши қандай сюрприз бор?
— Эртага фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Лекин дастлабки икки учрашувда 180 дақиқа давомида ўйнаган футболчиларга дам берамиз. Бундан ташқари сариқ карточкаси бор ўйинчиларни ҳам асраймиз. Африка Кубогида жамоа яхши ўйнаган пайтда таркибдаги футболчиларга дам бермагандим. Кейин ўша ўйинчиларда чарчоқ аломатлари сезилиб қолганди. Ўша тажрибадан кейин ҳозир ўзгаришлар қилмоқчиман. Айнан кимлар захирада қолишини бугунги машғулотдан кейин аниқлаб оламиз.
— Олдин Африка кубогида иштирок этгансиз. Осиё Кубоги ҳақида нима дея оласиз?
— Эртага таркибда ўзгариш бўладими ёки бўлмайдими фарқи йўқ — мақсадимиз Японияни мағлуб этиш. Таркибдаги 23 нафар футболчи майдонга тушишга тайёр. Рақиб Австралия бўладими ёки бошқами фарқи йўқ, исталган жамоа сюрприз тақдим этиши мумкин. Агар сен Осиё Кубогини қўлга киритмоқчи бўлсанг, ҳар қандай рақибни мағлуб этиш керак. Осиё Кубогидаги жамоалар даражаси Африка Кубогидан юқорироқ туради.
— Японияни тўхтатиш вақти келди деб ҳисоблайсизми?
— Статистикани ҳурмат қиламан. Бироқ бу — тарих. Футболда ҳар қандай ҳолат юз бериши мумкин. Ўйин пайтида статистика ёки олдинги ўйинлар ҳақида ўйламаймиз. Масалан, Уммон билан ўйинларда биз кўпроқ ютқазган эканмиз, бироқ Осиё Кубогида уларни мағлуб этдик.
— Япония ҳақида нима дейсиз? Уларнинг кучли ва кучсиз томони нимада?
— Бу ҳақида ўзим биладиган нарсаларни ҳозирги матбуот анжуманида айтиб ўтирмайман. Рақиб ҳақида фақат учта жиҳатни келтиришим мумкин: тарихи буюк, прессинги кучли ва тезкор жамоа. Аммо ҳар қандай кучли жамоани ҳам мағлубиятга учратиш мумкин. Биз шунга ҳаракат қиламиз.
— Эртага ўйиндан кейин иккита йўл бор. Ал-Айнда қолиб Австралияга қарши баҳсга тайёргарлик кўриш ёки Шаржага қайтиш. Сизга қайси бири маъқул?
— Аввало мен фақат ютишни хоҳлайман. Энг муҳими уч очко. БААда ҳамма шаҳар чиройли. Мен шаҳар ажратмайман. Бизга қилинаётган шароитлар зўр. Қайси шаҳарда бўлишнинг фарқи йўқ.