Пўлат Саидқосимов оламдан ўтди
Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбасига кўра, Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақдаги маълумотни
Қайд этилишича, Пўлат Саидқосимов оғир хасталикдан сўнг ҳаётдан кўз юмган. Қатор маълумотларга кўра, таниқли актёрнинг Қўқон шаҳрида ўтказилган суратга олиш ишлари вақтида тоби қочган. Шундан сўнг, у Республика шошилинч тиббий ёрдами илмий марказига олиб келинган. Бу ерда жарроҳлик амалиётидан ўтказилган, жараён олти соат давом этган.
Пўлат Саидқосимов 1931 йил 8 октябрь куни Тошкентда туғилган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1954). 1954— 57 йиллар Ҳ.Олимжон номидаги Самарқанд театрида, 1957 йилдан Ҳамза (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма) театрида актёр бўлиб ишлаган.
Пўлат Саидқосимов театр саҳнасида Пўлат (О.Ёқубов, “Юрак ёнмоғи керак”), Абдуллатиф (“Мирзо Улуғбек”), Илёс (Ч.Айтматов, “Сарвқомат дилбарим”), Эдгар (У.Шекспир,”Қирол Лир”), Каримжон (А.Қаҳҳор, ”Аяжонларим”), Салимбойвачча (Ойбек, ”Қутлуғ қон”), Аврангзеб ( Уйғун, “Зебунисо”) каби ролларни яратган. Кинода Маҳкам (“Муҳаббат можароси”), Беруний (“Абу Райҳон Беруний”), Завқий (“Оловли йўллар”), Ғафуров (“Илондан сақлан”), Илёс ота (“Тонг отгунча”) ва бошқалар; телефильмда Отақўзи (“Диёнат”), Мирзакаримбой (“Қутлуғ қон”), Муҳаммад чатоқ (“Гирдоб”), Черкашин (“Ичкуёв”), Тўғонбек (“Алишер Навоий”) , Абдуллатиф (“Улуғбек хазинаси ) каби бир қанча ролларни ижро этган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти унвони, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.