Тошкентда доимий прописка қилиш тартибида ўзгариши кутилмоқда
(last modified Thu, 31 Jan 2019 05:39:47 GMT )
Январ 31, 2019 10:39 Asia/Tashkent
  • Тошкентда доимий прописка қилиш тартибида ўзгариши кутилмоқда
    Тошкентда доимий прописка қилиш тартибида ўзгариши кутилмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, доимий пропискага эга бўлиш учун фуқаролар давлат хизматлари кўрсатишнинг соддалаштирилган тартибини таъминлайдиган электрон тизим орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек, Фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ, доимий яшаш жойларида пропискадан ўтишлари ва/ёки турган жойларида ҳисобда туришлари шарт.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, турган жойи бўйича ҳисобга олинмаганлиги ёки доимий пропискада турмаганлиги фуқарога хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос деб ҳисобланиши мумкин эмас. Фуқаролар янги яшаш жойига келган кунларидан бошлаб беш кун ичида доимий пропискада туриш ёки ҳисобга қўйиш учун ҳужжатлар тақдим этишлари шарт.

16 ёшга тўлмаган шахсларни доимий прописка қилиш ва ҳисобга олиш уларнинг ота-оналари ёки уларни ўрнини босувчи шахсларнинг хоҳишига кўра ихтиёрий асосда амалга оширилади.

Фуқаро рўйхатдан чиқиш учун ТШИИББ МваФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза;

паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

мудофаа ишлари бўлимидан ҳисобдан чиқарилганлиги ҳақида белги бўлган ҳисоб-ҳарбий ҳужжатлар;

уй дафтари ёки қайд этиш карточкаси ва квартиралар бўйича карточка;

рўйхатдан чиқарганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни рўйхатдан чиқариш маҳкумнинг ишончномаси асосида ёки уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик ҳақидаги суд қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Вафот этганлар ўлим қайд этилганидан кейин рўйхатдан чиқарилиши лозим. Ўлим тўғрисидаги гувоҳнома шакли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Пропискадан ўтиш ёки рўйхатдан чиқарилганлик суд қарорига кўра шунингдек, қонунда кўзда тутилган бошқа ҳолларда ҳам бекор қилиниши мумкин.

Рўйхатдан чиқарилганда ёки рўйхатдан ўтганлик бекор қилинганда МваФРБ инспектори уч кун муддат ичида Тошкент шаҳар ИИББ ва Тошкент вилояти ИИБ манзил-маълумотлар бюросига кетиш варақларини юборади.

Қайд этилишича, турар жой мулкдори ўз оила аъзоларини ва бошқа шахсларни пропискадан ўтказиш ҳуқуқига эга.

Бир нечта уйга ёки квартирага эга бўлган мулкдор улардан фақат биттасигагина доимий пропискадан ўтиши мумкин.

Ҳарбий хизматга мажбур шахсларни прописка қилиш улар мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ҳарбий ҳисобга қўйилганларидан кейин амалга оширилади. 16 ёшдан 45 ёшгача бўлган фуқаролар ҳарбий ҳисобга қўйилишлари керак.

Фуқарони прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва ҳисобга олиш белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома асосида ҳам амалга оширилиши мумкин.